05 Yan 2024

ЁШЛАР ВА КЎНГИЛЛИЛАР ФАОЛИЯТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЛОЙИҲАСИ

Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Жамиятлари Федерацияси билан имзоланган Битимга мувофиқ Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти “Ёшлар фаоллигини ва кўнгиллиликни ривожлантириш” дастурини муваффақиятли амалга оширилди.

Дастурнинг асосий мақсади инсонпарварлик ғояларини кенг тарғиб қилиш, ёшларни меҳр-оқибат ва меҳр-мурувват руҳида тарбиялаш, таълим муассасаларида санитария постлари отрядларини ташкил этиш, аҳолини табиий офатларга қарши курашишга тайёрлаш, ҳудудларни зарур воситалар билан таъминлашдан, биринчи ёрдам кўрсатиш, талабалар ва мактаб ўқувчиларига фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш кўникмаларини ўргатишдан иборат эди.

Дастур доирасида кўнгилли ёшларга биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича тренинглар, иқлим ўзгариши ва фавқулодда вазиятларга тайёргарлик бўйича тренинглар, кўргазмали чиқишлар, аксиялар, ёшлар ўртасида оммавий мунозара клублари, ёшлар ўртасида турли танловлар, шунингдек, турли йўналишлар орқали олинган билимларни синовдан ўтказиди ва амалий тадбирлар ташкил этилди. Шунингдек, лойиҳа доирасида мактаб ўқувчилари ўртасида “Ёш қутқарувчилар” республика мусобақалари, биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича ўқувчилар учун дарслар ўтказилиб, ғолиблар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Ҳудудларда ташкил этилган тадбирлар оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди.

Бугунги кунда лойиҳа ниҳоясига етмоқда, лекин лойиҳанинг узлуксизлигини таъминлаш учун ёшлар клублари фаолликни давом эттирмоқда.