15 Apr 2021

САЛОМАТЛИКНИНГ ЁШ ДЎСТЛАРИ ТАНЛОВИ

Мактаб ўқувчиларининг соғлом турмуш тарзи масалаларида саводхонлигини ошириш, санитария гигиенани тарғиб қилиш, фавқулодда ҳолатларда ўзларига ва бошқа жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича билимларни синовдан ўтказиш мақсадида, Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамиятининг тасдиқланган йиллик иш режасига мувофиқ «Саломатликнинг ёш дўстлари» танловининг Тошкент шаҳар босқичи ўтказилди.

Таъкидлаш жоизки, мусобақа Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти ўқув-услубий маркази биносида санитария ва гигиена қоидаларига тўлиқ амал қилинган ҳолда ўтказилди.

 Тошкент шаҳрининг 11 туманидаги умумтаълим мактаблари ўртасида ўтказилган танловда туман босқичлари ғолиблари иштирок этдилар. Танлов шартларига кўра мусобақалар қуйидаги босқичларда ўтказилди:

1-босқич – жароҳатлар, бахтсиз ҳодисалар ва тўсатдан касалланиш ҳолатларида биринчи ёрдам кўрсатиш;

2 босқич – беморни уйда парвариш қилиш;

3 босқич – шахсий ва жамоат гигиенаси, юқумли касалликлар ва уларнинг олдини олиш;

4 босқич – доривор ўсимликлар ва улардан фойдаланиш;

5-босқич – Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти тарихи ва фаолияти;

6-босқич – Йўл ҳаракати қоидалари, уларнинг билимларини синовдан ўтказиш ва йўл-транспорт ҳодисаларида жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатишнинг ўзига хос хусусиятлари.

Мусобақа натижаларига кўра 1-ўринга Миробод туманидаги 125-сонли мактаб ўқувчилари муносиб топилди, 2-ўринга Яшнобод ва Олмазор туманларидаги 244 ҳамда 11-сонли мактаблар, 3-ўрин эса Шайхонтоҳур туманидаги 20-сонли мактаб ва Учтепа туманидаги умумтаълим мактаблари жамоасига насиб этди. Тадбир якунида барча иштирокчилар Тошкент шаҳар Қизил Ярим Ой жамияти томонидан қимматбаҳо совғалар ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирландилар.