28 Avg 2019

Офатларда ҳаракат қилувчи миллий ва махсус командаларнинг тренинги

Фавқулодда вазиятларга тайёргарлик кўриш ва уларда ҳаракат қилиш бўйича Ўзбекистон ҚЯОЖ фаолиятининг ажралмас қисми – булар кўнгилли иштирокчилардан тузилган офатларда ҳаракат қилувчи миллий ва махсус командалар ҳисобланади. Ушбу командалар фаолиятини такомиллаштириш, командалар аъзолари томонидан жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш ҳамда гуманитар ёрдамни тарқатишга оид амалий кўникмалар ва билимларини  шакллантиришга қаратилган тренинг 20-27 август кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди.

Тадбирда иштирок этувчиларга Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Халқаро Ҳаракатининг тарихи, Ўзбекистон ҚЯОЖнинг фавқулодда вазиятларга тайёргарлик кўриш ва уларда ҳаракат қилиш бўйича фаолияти, фавқулодда вазиятларда қуриладиган лагерлар ва бошпаналар тўғрисидаги маълумотлар презентациялар орқали намойиш этилди. Командалар томонидан “Инсонийлик” ўқув-услубий маркази ҳудудида электрогенераторларни ишлатиш, палаткаларни қуриш ва жойлаштириш, уларни жиҳозлаш, бошқа қўшимча ускуналардан фойдаланиш ҳамда гуманитар ёрдамни тарқатиш каби амалий машғулотлар бажарилди. Ўқув дастурига мувофиқ, шунингдек, саф кўриги, ускуналар ва алоқа воситаларини ишлатиш, тўсиқлардан ўтиш, шартли равишда турли хил жароҳатлар билан ярадор бўлганларга биринчи ва руҳий-ижтимоий ёрдамини кўрсатиш, шу жумладан уларни хавфсиз жойга ташиш бўйича командалар ҳаракатлари синовдан ўтказилди. Булардан ташқари, жамоат тадбирлари ўткази лаётган вақтда фавқулодда вазият рўй берганда командаларнинг ҳаракатлари ишлаб чиқилди.

Ўқув дастури доирасида командалар учун пойтахтимиздаги “Ҳумо Арена” муз саройига ташриф уюштирилди, айни шу вақтда у ерда Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги байрами кунига бағишланган тадбирлар ўтказилди. Муз саройи худудида командалар аъзолари томонидан биринчи ёрдам кўрсатиш палаткаси жойлаштирилиб, унда Жамият фаолиятига оид кўргазма ташкил этилди. Командалар аъзолари Миллий Гвардия ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари билан ҳамкорликда бўлиб ўтган халқаро хоккей ўйини давомида биргаликда навбатчилик ўташди.

Булардан сўнг, амалий машқлар ФВВнинг Фуқаро муҳофазаси институти полигонида давом эттирилди. Командалар томонидан дала шароитида биринчи ёрдам кўрсатиш амалиётлари бажарилди ва улар ФВВ авария-қутқарув хизматларининг жиҳозланиши ва фаолияти билан таништирилди.