27 Avg 2014

«Дипеко-8» лойиҳаси амалда

Жорий йилнинг август ойи охирида Марказий Осиё Қизил Ярим Ой Миллий Жамиятлари, Германия, Австрия, Хитой, Швейцария Қизил Хочлари ва Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Жамиятлари Федерацияси вакиллари Бишкек шаҳрида тўпланди. Навбатдаги Халқаро форумда янги  «DIPECHO – VIII» лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди. Дастур Европа Комиссиясининг инсонпарварлик ёрдами ва фуқаролар ҳимояси бўйича бош директорати кўмагида амалга оширилади.  

Эслатиб ўтамиз, 2003 йилдан бошлаб, «DIPECHO» лойиҳаси орқали Европа комиссияси табиий офатлар хатарини олдини олиш ва аҳолининг заиф  қатламларини ҳаёти ва турмушига салбий таъсирини камайтириш мақсадида  Марказий Осиё худудида ўз фаолиятни молиялаштиради. Лойиҳа Марказий Осиёдаги бешта мамлакат – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонни қамраб олади.

Янги дастур Марказий Осиёда амалга оширилиши фалокатлар хатарини камайтириш бўйича координаторлар учун семинар ва тренингларни ўтказишдан бошланди. Унда лойиҳани бошқариш, ҳисобот ва мониторинг тизими вазифалари, шунингдек, ҳамкорлар ва бошқа манфаатдор томонларни жалб этиш масалалари муҳокама қилинди. Лойиҳа доирасида махсус тренинг ўтказилиб, унда асосий ижрочилар лойиҳанинг техник йўналиши, уни жойларда амалга оширишнинг воситалари ҳамда механизмлари тўғрисида маълумотларга эга бўлишди. 

Ўзбекистонда лойиҳа иккита минтақани – Наманган ва Андижон вилоятларини қамраб олган. Умумтаълим мактаблари ўқувчиларини фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракатланишга  тайёрлаш  ва биринчи ёрдам кўрсатишга ўргатиш  белгиланган вазифалар қаторидан ўрин олган.  Лойиҳада Наманган ва Андижон вилоятларининг аҳолиси зич туманларидаги мактабларга яқин жойлашган маҳаллалар аҳолиси бевосита иштирок этади.  Мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилари ўртасида тренинг, семинарлар, танловлар ва мусобақаларни ўтказиш, шунингдек амалий машғулотларни ташкиллаштириш режалаштирилган.  Лойиҳа амалиётида 8 мактаб ва 8 та махалла керакли асбоб ускуналар билан жихозланади. ЎҚЯО Жамияти томонидан ташкил этилган мактаблардаги санитар постлари негизида  “Ёш қутқарувчи” болалар тўгараклари ташкил қилинади.