23 Noy 2018

Тактик ўқув машқлари

Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан мухофаза қилишнинг 2018 йилдаги асосий тадбирларига оид режага мувофиқ 2018 йил 21-23 ноябрь кунлари Наманган вилояти Мингбулоқ туманида “Бошқарув органлари, ФВДТ ҳудудий ва функционал қуйи тизимларининг табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳаракати” мавзусида қўмондонлик-штаб ўқув машқи ўтказилди.

Қўмондонлик-штаб ўкув машқи давомида фавқулодда вазиятлардан зарар кўрган аҳолига ёрдам кўрсатиш учун Қизил Ярим Ой Жамиятининг энг зарур товарлар омборлари ва заҳиралари тизими ташкил этилди, туман шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш бригадалари дала шароитида ёйиб қўйиш учун зарур бўлган палаткалар билан таъминланди. Вилоят фавқулодда вазиятлар ва соғлиқни сақлаш бошқармаларининг махсус хизматлари билан ҳамкорликда ўқув машқи ғояси асосида амалий ҳаракатлар олиб борилди ва жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш тартиб-қоидалари фуқаро мухофазаси бўйича хизматлар раҳбарларига амалий машқлар орқали намойиш этилди.

Фавқулодда вазиятларда зарар кўрган аҳолига шошилинч ёрдам кўрсатиш бўйича ўтказилган машқларда вилоят ташкилоти масъул ходимлари, фалокатларга тезкор таъсир кўрсатувчи жамоа (КРБ) аъзолари фаол иштирок этдилар, уларнинг амалий ҳаракатлари бошқа хизматлар билан уйғунликда олиб борилди. Шартли зарар кўрганлар эса хавфсиз жойларга эвакуация қилиниб, уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиши таъминланди.