18 Apr 2013

“Ўзбекистонда фуқаролик жамияти қурилиши жараёнида Ўзбекистон ҚЯО жамиятининг ўрни ва роли“ мавзусида илмий – амалий конференцияси

Ҳабар берганимиздек, бу йил Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Халқаро Харакатига 150 йил тулади. Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти бу санага бағишлаб кенг қамровли тадбирларни режалаштириб қўйган. 2013 йил 18 апрелда Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти офис биносида “Ўзбекистонда фуқаролик жамияти қурилиши жараёнида Ўзбекистон ҚЯО жамиятининг ўрни ва роли“ мавзусида илмий – амалий конференция бўлиб ўтди.

Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, сенаторлар, Республика ҳотин – қизлар қумитаси раҳбарлари, Адлия вазирлиги, ФВВ, Олий ва ўрта маҳсус, ҳалқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон ҚЯО жамияти мутаҳассислари, ўқув юртлари профессор – ўқитувчилари, ОАВ вакиллари иштирок этдилар. Конференцияни Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти раиси профессор Ҳ.Ё.Каримов кириш сўзи билан очиб берди. Хамкор ташкилотлардан бири бўлган Ҳалқаро Қизил Хоч Қўмитасининг Марказий Осиёдаги Ваколатхонаси раҳбари Ив Арнольди сўзга чиқди.

Конференция қатнашчилари

Конференция қатнашчилари: Бош вазир ўринбосари, Республика ҳотин –  қизлар қумитаси раиси Баситханова Э.Э. ва сенатор, Тошкент хокими ўринбосари, шаҳар ҳотин – қизлар қумитаси раиси Абдурахимова Ф.Ю.
Маълумки, 2013 йил  8 майда, дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилган, жаҳонда энг кекса, нуфузли гуманитар ташкилот ҳисобланган, Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Жамиятлари Халқаро Харакатига 150 йил тулади. Ушбу санага бағишлаб,  Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти кенг қамровли ишларни амалга ошириш режасини белгилаган.  Шуни маълум қилиш жойизки,  1992 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов томонидан «Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти тўгрисида»ги Фармони имзоланди. 1995 йида эса Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Жамиятлари Федерациясининг аъзоси этиб қабул қилинди. Ҳозирги вақтга келиб жаҳоннинг 188 мамлакатида Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Миллий жамиятлари фаолият олиб бормоқдалар. Давлатимиз Мустақиллиги йиллари Миллий Жамиятнинг моддий-техник базаси тубдан ўзгариб, мустаҳкамланди.  Бугунги кунда ЎҚЯОЖ 15 ҳудудий вилоят ва 191 туман бўлимлари мавжуд, 2,5 минг бошланғич ташкилотларда деярли 1 млн 300 мингдан ортиқ аъзолар ва 36 минг кўнигиллилар фаолият кўрсатмоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг   “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш” Концепциясидан келиб чиқиб, қўйилган вазифаларини муваффақиятли бажариш, кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига ўтиш борасида Ўзбекистон ҚЯО жамияти ҳам ўз вазифаларини белгилаб олган.  Бунда Ўзбекистон ҚЯО жамияти Давлат ташкилотларига аҳолининг ижтимоий масалаларини ечишда, соғлом турмуш, бегараз донорлик тарғиботини ва юқумли касалликлар профилактикаси ишларини олиб боришда ёрдам бермоқда, халқаро инсонпарварлик ғоялари тарғиботини олиб бормоқда. Шунингдек турли фавқулодда вазиятларда яқин қариндошларини йўқотган фуқароларни излаб топишда қидириш ишини ташкил этмоқда.

 Бугунги кунда  Миллий Жамият Халқаро Федерация, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ва Швеция, Финляндия, Германия, Нидерландия, Япония Қизил Хочлари  ва бошка мамлакатларнинг Миллий Жамиятлари билан инсонпарварлик йўналишидаги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шунингдек  Ҳамдустлик мамлакатлари Жамиятлари билан яқин алоқалар ўрнатган.

Илмий – амалий конференцияда бир қатор маърузалар презентацияси бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг демократик институтлар, нодавлат ташкилотлари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси Раиси, профессор, юридик фанлари доктори А.Х.Саидов маъруза билан катнашди. Қизиқарли бахс-мунозаларда Республика ҳотин – қизлар қумитаси раиси Э.Э.Баситханова, сенатор,Тошкент шаҳар Хокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф.Ю. Абдурахимова, Ўзбекистон ҚЯО жамияти Ижрочи Директори Э.А. Амиралиева, Ўзбекистон ҚЯО жамияти Наманган вилояти ташкилоти раиси Д.Ф. Сайфитдинова, Тошкент давлат педагогика университети катта ўқитувчиси, фалсафа фанлари номзоди А.А. Норбоев ва А.А. Хукумов Ҳалқаро Қизил Хоч қумитаси худудий ваколатхонаси ходими уз маърузалари билан қатнашдилар. “Фуқаролик жамиятининг барпо этилишида нодавлат нотижорат ташкилотларининг роли”, “Фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилишда Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти ва Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитасининг ҳамкорлиги”, “Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини барпо этишда Қизил Ярим Ой жамиятининг фавқулотда вазиятларни олдини олишдаги фаолияти” каби кенг қамровли маърузалар қатнашчилар эътиборига хавола этилади.