01 May 2020

Сардоба, биз биргамиз!

Жорий йилнинг 1 май куни эрта сахарда Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги сув омбори тўғони ўпирилиши туфайли вилоятнинг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги минглаб киши талафот кўрди. Содир бўлган фавқулодда вазият туфайли жами 24 та маҳалладан 90 мингга яқин фуқаро зудлик билан хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинди. Уларнинг барчасига ҳукумат томонидан зарур шароитлар яратилиб, озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотлар етказилди.

Фалокат рўй берган кунинг ўзидаёқ Ўзбекистон ҚЯОЖ Сирдарё вилояти ташкилоти офатларда ҳаракат қилувчи команда аъзолари Фавқулодда вазирлиги қутқарув хизматлари ва Миллий гвардия ходимларига ёрдам бериб, “Юртдош”, “Қўрғонтепа”, “Дўстлик” маҳаллаларидан фуқароларнинг эвакуация қилишда бевосита иштирок этишди.

Жабр кўрган сирдарёликларга ёрдам кўрсатиш мақсадида юртимиз бўйлаб хайрия акциялари ўтказилди ва бу акцияларда давлат ва нодавлат ташкилотлари иштирок этди.

 8 май куни Жамиятнинг Тошкент вилоят ташкилоти Ангрен ва Олмалиқ туман бўлинмалари ижрочи директорлари ҳамда волонтёрлар томонидан талофат кўрган аҳолига ёрдам кўрсатиш мақсадида Сардоба туманига гуманитар ёрдами етказилиб, Пахтаобод шаҳарчасидаги кўп қаватли уйларга ва  3-чи мактабгача таълим муассасасига жойлаштирилган фуқароларга топширилди.

Ўзбекистон ҚЯОЖ мурожаати билан Ўзбекистон ҚЯОЖ Ижро аппарати ва унинг ташкилотлари ҳам ушбу хайрли ишларга ўзларининг камтарона ҳиссаларини қўшишди. Наманган, Самарканд, Бухоро, Сурхондарё, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар ташкилотлари ва бўлинмалари Сардоба фожиасидан жабрларган фукаролар учун жами 9,5 млн. сўм молиявий маблағни жамиятнинг республика ижро аппарати ҳисоб рақамига ўтказдилар. Ушбу маблағга қўшимча Ўзбекистон ҚЯОЖ ҳисобидан 17 млн. сўм ажратилди ва харид қилинган санитар-гигиеник воситалар, уй-рўзғор ва хўжалик товарлари, болалар аравачалари, биотуалетлар, кийим-кечаклар 5 ва 29 май кунлари жамиятнинг Сардоба туман бўлинмасига бевосита етказилди ва жабрланган фуқароларга тарқатилди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан ташкил этилган “Салом Сардоба, биз биргамиз!” хайрия акцияси доирасида Ўзбекистон ҚЯОЖ ижро аппарати томонидан жабрланган аҳоли учун 100 матрас, 100 ёстик, 500 ёпинғичлар, 100 жуфт резина этиклар ва турли ҳил гигиена воситалари топширилди. Жами ушбу хайрия ишларга Жамият томонидан 27,5 млн. сўм сарфланди.