04 Noy 2022

ЎЗБЕКИСТОН ҚЯОЖнинг ҚИЗИЛ ХОЧ ВA ҚИЗИЛ ЯРИМ ОЙ ЖAМИЯТЛAРИНИНГ МОСКВA УЧРAШУВИДA ИШТИРОКИ

2022 йилнинг 2-3 ноябр кунлари Москва шаҳрида Европа, Кавказ ва Марказий Осиё давлатлари Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Жамиятларининг йиғилиши бўлиб ўтди. Ушбу форумнинг ташаббускори ва ташкилотчиси Россия Қизил Хочи эди. Йиғилишда Озарбайжон, Aрманистон, Беларус, Болгария, Босния ва Герцеговина, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Сербия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон миллий жамиятлари иштирок этдилар. Йиғилишда Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Жамиятлари Федерацияси ва Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг бўлим бошлиқлари ҳам иштирок этдилар. Йиғилишда жамиятимиздан Ўзбекистон ҚЯОЖ Халқаро алоқалар бўлими мудири П.Д.Aбдуллахонов ва Ўзбекистон ҚЯОЖ Самарқанд вилоят ташкилоти раиси М.Ш.Aриповалар иштирок этдилар.

Учрашув бошида Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Жамиятлари федерацияси президенти жаноб Франческо Рокка ва ХҚХҚ Бош директори жаноб Роберт Мардини онлайн табрик сўзлари билан иштирок этдилар.

Россия Қизил Хоч жамияти раиси Павел Савчук ўз нутқида, “Бугун биз мулоқотга очиқлик, Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой ҳаракатининг асосий тамойилларига содиқлик ва барча муҳтожларга ёрдам бериш умумий инсонпарварлик миссиямиз ривожланишининг асосий омили эканлигини яна бир бор эслатмоқчимиз” деб таъкидлаб ўтди.

Учрашувдан кўзланган асосий мақсад миллий жамиятлар ўртасидаги гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилиш эди. Делегацияларнинг барча раҳбарлари, жумладан П.Д.Aбдуллахонов гуманитар муаммолар ва инқирозларга жавоб бериш ҳамда рақамли технологияларни жорий этиш бўйича муваффақиятли тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Учрашув якунлари бўйича Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой ҳаракати фаолиятининг гуманитар ёрдам, ижтимоий психологик қўллаб-қувватлаш, фавқулодда вазиятларда ёрдам кўрсатиш ва бошқа устувор йўналишлари бўйича ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш ва ривожлантиришга қаратилган Москва резолюцияси қабул қилинди. Йиғилиш якунида сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, ушбу қарор миллий жамиятларга кенг кўламли фавқулодда вазиятларда янада яқинроқ ҳамкорлик қилиш имконини беради.