01 Iyl 2014

Инсонпарвар волонтёр

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН. Бу инсоннинг ўз билим ва малакасини бошқаларга ўргатиш истаги қанчалар кучли зканлигини куриб, қойил қоласиз. Даулетбой Қалибоев  – Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиятининг фаҳрий кўнгиллиси, аниқроғи волонтёри. Ўз ишининг ҳақиқий устаси ва ҳақиқий инсонпарвар. Унинг бутун ҳаёти эзгулик тамойилларига боғликлигидан гувоҳлик беради.

Мама 10 йилдирки, Даутлетбой Қалибоев Ўзбекистон ҚЯО Жамияти офатларга қарши Миллий терма жамоаси аъзоси ва Қорақалпоғистон минтақавий ташкилоти командасининг тренери саналади. Бу фидоий инсон тақдир уни ана шундай ҳаёт оқимига бошлаганига ишонади.

Даулетбой аканинг асли касби – шифокор. Республика онкология шифохонасида шифокор-кардиолог бўлиб хизмат қилади. Миллий жамоанинг фаол аъзоси. Команданинг барча ўқув машқлари имкон қадар табиий ҳолатларга якин шароитларда ўтказилади. Бу ер қимирлаш, сув тошқини, ёнгин ҳолатларида қандай йўл тутишга оид ўқув машқларидир. Бу ўринда қутқарувчининг ҳаракатлари жуда муҳим. Улар тезкор, аниқ бажариладиган автоматик даражагача ишлаб чиқилиши лозим. Чунки ҳақиқий табиий офат юз берган вазиятларда бошқалардан қандай йўл тутиш кераклиги борасида тезкор маслаҳат сўраш имкони бўлмайди. Фавқулодда вазиятда тезкор қарорни “шу ерда ва ҳозироқ” қабул қилиш керак бўлади. Бу ўринда масъулият ҳаддан зиёд баланд бўлади.

Тажрибали инструктор биринчи ёрдам кўрсатишда профессионал малакага эга ва ўз тажрибасиниёшларга ўргатади. У ҳар доим ҳар бир киши биринчи ёрдам кўрсатишни билиши кераклигини таъкидлайди. Чунки бизнинг яқинларимиз ва атрофдаги кишилар билан фавқулодда вазиятларда нималар рўй бериши мумкинлигини ҳеч ким айта олмайди. Бундай ҳолларда малакали ёрдам  уларнинг ҳаётини сақлаб қолади. Энг муҳими, бу ёрдам оқилона, тезкор ва тўғри булиши лозим. Зиён етказмаслик – биринчи ёрдам кўрсатишнинг асосий тамойилларидан биридир.

Ўзбекистон ҚЯО Жамияти эълон қилган анъанавий конкурс натижаларига кўра, Қалибоев Даулетбой энг яхши волонтёр сифатида Фаҳрий ёрлиқ билан тақдирданди. Бу том маънодаги профессионал инструкторга бўлган катта ишонч ва ҳурмат демакдир.