11 Okt 2022

НАМАНГАНДА ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАРГА ТАЙЁРГАРЛИК БЎЙИЧА ДАВРА СУХБАТИ

2022-йил 11-октябрь Халқаро табиий офатлар хавфини камайтириш куни арафасида вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси мажлислар залида Наманган вилояти аҳолиси ва ҳудудлари хавфсизлигини таъминлашга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси масъул ходимлари, фавқулодда вазиятлар давлат хизмати таркибига кирувчи ташкилот, корхона ва муассасаларнинг фуқаро муҳофазаси мутахассислари, Ўзбекистон Республикаси ҚЯОЖ авария-қутқарув отряди аъзолари иштирок этдилар.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад фуқароларни ҳудуддаги фавқулодда вазиятларга тайёрлаш, бундай вазиятларда тартибли ҳаракат қилиш ва жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш, шунингдек, ҳамкорлик истиқболларини аниқлаш ва бу борадаги ижтимоий шерикларни ўқитишдан иборат бўлди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон ҚЯОЖ Наманган вилояти ташкилоти раиси Д.Сайфитдинова атрофлича маъруза қилди ва ташкилотимиз тарихи, низом вазифалари ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди. Аҳолини фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилишга ўргатиш, биринчи ёрдам кўрсатиш кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Маъруза муҳокамасида сўзга чиққан иштирокчилар фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этишда Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиятининг вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва унинг жойлардаги бўлимлари билан ҳамкорликда тутган ўрни катта эканини таъкидладилар.

Якунда Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти вилоят ташкилоти масъул ходимлари, санитария отрядлари ва табиий офатларга қарши кураш отряди аъзолари томонидан фавқулодда вазиятларда жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилиб, кўргазмали машғулот ўтказилди.