24 Dek 2014

Илғорлар тажрибасини ўрганамиз

“Эзгулик ва инсонпарварлик кучларини сафарбар этган ҳолда аҳолининг ижтимоий заиф   қатламларини турмушини яхшилаш”.  Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой  Ҳаракати жорий йилдаги  фаолиятини шундай шиор билан юритишга қарор қилди. Бу муҳим  вазифани бажаришга Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиятининг асосий йўналишларидан бири – “Меҳр-шафқат” тиббий-ижтимоий хизмати йўналтирилган. Мазкур  хизмат ходимларининг вазифалари қаторида  қарамоғидагиларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатиш, кексалар ва ногиронлар, уруш ва меҳнат фахрийларига, кам таъминланган оилаларга яқиндан ёрдам бериб, уйларида патронаж  хизматини кўрсатишдан иборат.    

Бу  борада  Миллий Жамиятнинг Тошкент шаҳар ташкилоти тажрибаси эътиборга лойиқ. Ҳозирда «Мехр-шафкат»  хизмати мутахассислар 330 нафар кишини ўз васийлигига олган. Уларнинг кўпчилиги ёши улуғ, хаста,  уйдан чиқолмай қолган кишилардир.   

Бундай инсонларга нафақат ёрдам кўрсатиш, шунингдек, улар билан хушмуомала суҳбат қуриш,  кўнглига йўл топа олиш  ҳам жуда муҳим. Ёлғиз, касал кишиларга  хомийлик қилиш нозик ва қийин иш. Бундай маъсулиятни ўз зиммасига олган кишиларга осон эмас. Шу боис ҳам бундай  ишга бағри кенг, раҳмдил, ўзгалар ташвишини чуқур ҳис эта оладиган кишилар жалб этилади. Пойтахт ташкилотида бундай мажбурият олти нафар тиббий ҳамширасига юкланган.  

– Биз учун энг асосийси, топширилган  вазифани нафақат малакали адо этиш, шунингдек, ўз қарамоғимизга васийликка олинганларга алоҳида эътибор, меҳр   билан қарашимиз лозимдир, – дейди «Меҳр-шафқат»  хизмати раҳбари Фотима Қудратуллаева. – Шифокорлар кўрсатмасига асосан турли муолажалар  олиб борамиз.   Бундан ташқари,  керакли нарсаларин харид қилиш, дорихонадан дориларни етказиб бериш, шунингдек, уй юмушларини ҳал этишда кўмаклашиш ҳам бизнинг вазифамизга киради.

Йил бошидан буён 9 ой давомида 298 нафар васийликка олинган киши диспансерлаштиришдан ўтказилди. Оилавий поликлиника ходимлари билан биргаликда соғломлаштириш чора-тадбирлари олиб борилди. Пойтахтдаги бешта туманда чекка худудларда  тиббий-ижтимоий хоналар ташкил қилинди. Бу ерда васийликка олинганларга   ҳамширалар бепул малакали тиббий ёрдам кўрсатади. Яна бир мухм жиҳат – хизмат ходимларининг касбий малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Уларнинг ҳар бири аҳолига биринчи ёрдам кўрсатиш қоидаларини мукаммал ўрганиб, сертификатларга эга. Тиббиёт хамширалари Ўзбекистон ҚЯО Жамияти танловларида фаол иштирок этиб келишмоқда.

Ўз самарасини бераётган дасурлардан яна бири –    “Ташриф” лойиҳаси. Унда   қатнашишни истаганлар сони ошиб бораётир. Ёш волонтёрлар  “Меҳр-шафқат” хизмати мутахассислари билан биргаликда  васийликка олинганларни қўллаб-қувватлашда фаол иштирок этишади. Шундай қилиб, хайрли  раҳм-шафқат анъаналари давом этмоқда. Яхшилик кўрсатиш, ёрдамга муҳтож кишиларни кўнглини олиш халқимизга хос  фазилат. Бундай эзгу қадриятларни фарзандларимиз, невараларимизга ҳам ўргатмоғимиз лозим.