12 Sen 2013

Донорлик – бу хаёт манбаи

Тошкент.Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти Тошкент шаҳар ташкилоти беғараз донорлик бўйича “Исломобод” махалласида семинар ташкил қилди.  Табиат  инъом этган  фазилатлари ичида куз фаслининг  таровати ўзгача.

Тўкин – сочинлик,  файзу-барака, тўйлар фасли. Шу билан бирга куз ойида мутахассисларнинг таъкидлашича аҳоли  ўртасида ОИВ-инфекцияси кўпроқ  тарқалади. Касаллика чалинишга мойиллиги юқори бўлган қатламларга қаратилган  тадбирлари кўламини кенгайтириш  мақсадида  аҳоли орасида беғараз донорликни тарғиб қилиш бўйича “Қон – бу ҳаёт” шиори остида семинар ўтказилди.  Тадбир  Шайхонтохур туманида жойлашган “Исломобод” махалласида бўлиб ўтди.  Семинарда Донорлик қони ва унинг инсон ҳаётидаги аҳамияти мавзулари кенг ёритилди. Семинар сўнгида 22 та иштирокчидан   4 кўнгиллилар ҳамда аҳоли орасидан вакиллар ўз хохишлари билан жамият аъзолигига қабул қилиндилар. Ўтказилган тадбир доирасида  2013 йил 12 сентябрь куни    “Исломобод” кафесида “Донорлик куни” ўтказилди. 

 Тадбир ўтказилишидан асосий мақсад –   донорлик хусусида, унинг ахамияти ва инсон учун фойдали томонларини мутахассислар ёрдамида  махалла фуқароларига тўлақонли маълумотларни етказишдан иборатдир.

 Ҳар кунги турмушимизда ҳар биримиз ҳалокат, куйиш, турли жарроҳлик муолажаларига, аёлларда эса фарзанд дунёга келишида муаммолар бўлгандаги  ходисаларга дуч келишимиз эхтимолдан холи эмас. Ва ана шундай холларда яна ҳам донорлик қонига муҳтожлик сезилади.    Жамият томонидан ана шундай муаммоларни олдини олиш учун  бир қатор дастурлар асосида аҳоли орасида беғараз донорликни тарғибот қилиш, кўнгиллиларни тайёрлаш  бўйича  семинар, учрашув, “давра суҳбатлари” ўтказилади. Ҳар бир ўтказилган тадбир натижасида   “Донорлик куни” ташкил этилади. Ушбу тадбирда кўплаб инсонлар ўз ҳохишлари билан қон топшириб қанчадан қанча одамлар ҳаётини сақлаб қолишда ўз хиссаларини қўшиб келмоқдалар.