28 Apr 2016

Малакамизни оширамиз

Сирдарё. 2016 йил 24 март куни “Инсонийлик” Республика ўқув-услубий марказида Ўзбекистон ҚЯОЖ минтақавий ташкилотлари раҳбарлари ва мутахассислари учун амалий семинар ташкил этилган эди. Миллий Жамият раҳбарияти ташаббуси билан бошланган ушбу ўқув машғулотлари иш сифати ва самарадорлигини оширишга бағишланди. Икки ой мобайнида Марказий аппарат мутахассислари иштирокида Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоят ташкилотларида худди шундай семинарлар ташкил этилди. 2016 йил 28 апрелда Сирдарё вилоятида ҳам шу каби учрашув бўлиб ўтди.

Гулистон шаҳри пойтахтдан келган меҳмонларни ёрқин баҳор қуёши ва кенг кўламдаги қурилиш майдонлари билан қарши олди. Ўзбекистон ҚЯО Жамияти Ижрочи директори Э.А.Амиралиева бошчилигидаги мутахассислар гуруҳи ва вилоят ташкилоти ходимлари биргаликда амалий семинар ўтказдилар. Ширин, Сирдарё, Боёвут шаҳарлари ва барча туман ташкилотлари, кўплаб бошланғич ташкилотлар раҳбарлари қатнашган ушбу семинарда кўплаб масалалар муҳокама қилинди ва баҳс-мунозаралар ташкил этилди.”Соғлом она ва бола йили” дастурини амалга оширишда вилоят ташкилотининг фаолияти”, “Ўзбекистон ҚЯОЖ фаолиятида Уставнинг аҳамияти”, “ҚЯОЖ ташкилотларида молиявий-хўжалик фаолияти амалиёти ва тажрибаси”, “Аҳолини ФВга тайёрлаш масалалари”, “Халқаро инсонпарварлик ҳуқуқини тарғиб этиш масалалари”, “Вилоят ташкилотларида кадрлар билан ишлашни янада такомиллаштириш хусусида” каби мавзулар бўйича презентациялар тақдим этилди.

Уларнинг ҳар бири бўйича тажрибали мутахассисларнинг чиқишлари йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди. Турли вазифалар бўйича кенг қамровли мунозаралар вилоят ташкилотининг келажакдаги ишларини янада яхшиланишига туртки бўлади. Ўзбекистон ҚЯОЖнинг навбатдаги лойиҳаси, энг аввало, вилоят ташкилотлари ходимларининг профессионал даражасини оширишга, улар орасида ўзаро тажриба алмашишга, иш самарадорлигини янада юқори кўтаришга, ушбу йилдаги Давлат дастурини ҳамда инсонпарварлик ташкилотининг Низом вазифаларини амалга оширишга хизмат қилади.