12 Apr 2023

ИШЧИ-ХОДИМЛАРНИНГ ФАВҚУЛОДДА ХОЛАТЛАРДА БИРИНЧИ ЁРДАМ КЎРСАТИШ КЎНИКМАСИ ОШИРИЛМОҚДА

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви раиси Х.Н.Хасиловнинг 2023 йил 3 февралдаги “1-сонли Ўзбекистон Республикаси Фуқаро муҳофазаси бошлиғининг 2023 йил 6 январдаги 1-сонли буйруғи бажарилиши тўғрисида”ги Н-103-сонли буйруғига асосан, Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти темир йўл минтақавий ташкилоти томонидан темир йўл тизимидаги корхона, ташкилот ва муассасалардаги ишчи-ходимларнинг фавқулодда ҳолатларда биринчи ёрдам кўрсатиш кўникмасини ошириш бўйича тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Шундай тадбирлардан бири, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ марказий аппарат бошқармаларида фаолият юритаётган темирйўлчилар учун Бошқарув раиси ўринбосари Ж.З.Юсупов топшириғи билан 11-12 апрел кунлари ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Қизил  Ярим Ой жамияти темир йўл минтақавий ташкилоти Фавқулодда  вазиятлар координатори Марсел Сабитов томонидан турли фавқулоддаги вазиятларда тиббиёт ходимлари келгунга қадар биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича маълумотлар  бериб ўтилди ҳамда ташкилот фаолияти тўғрисидаги, фавқулотда зилзила содир бўлганда қандай ҳаракат қилиш тўғрисидаги видеороликлар намойиш этилди.

— Инсон ҳаётини сақлаб қолиш ҳусусида гап кетганда, менимча биринчи ёрдам кўрсатиш кўникмаси ҳар бир инсон яхши ўзлаштирган бўлиши керак, — дейди Ўзбекистон Қизил  Ярим Ой жамияти темир йўл минтақавий ташкилоти ходими У.Фаязова. — Бу кўникмалар нафақат иш жараёнида, балки ишдан ташқари вазиятларда ҳам жуда зарур. Тажрибадан шу нарса маълумки, аксарият одамлар бирор фалокатдан жабр кўрган инсонга биринчи ёрдам кўрсатишдан қўрқади. Чунки, бундай ҳолатда унга қандай ёрдам кўрсатиш кераклигини билишмайди ёки билгани ҳам ҳаяжон ва қўрқув вақтида эсидан чиқиб қолади. Ўтказилаётган тадбирларда ишчи-ходимлар учун биринч ёрдам кўрсатиш кўникмаси содда ва амалий машғулот тарзида аксарият холлларда ходимларни жалб қилган холатда ташкил этишга ҳаракат қиламиз.

Тадбир давомида иштирокчилар томонидан берилган саволларга М.Сабитов томонидан батафсил маълумот бериб ўтилди.

— Мен бугунги кунгача бундай кўникмага эгаман, деб юрар эдим, — дейди тадбир иштирокчиси техник ва технологик назорат бошқармаси бош мутахассиси Ф.Бурхонов. — Лекин, мутахассиснинг берган маълумотларидан сўнг янада кўплаб фойдали маълумотларга эга бўлиш билан бирга, инсон билимларини доим мустаҳкамлаб туриш зарурлигига яна бир бор амин бўлдим.

Тадбир давомида мутахассис томонидан иштирокчиларга фавқулодда вазиятларда кўпчилик йўл қўядиган хато ҳамда камчиликлар ҳақида батафсил тушунтирилди.