27 Sen 2016

Инсонпарварлар учрашуви

Хитой. 2016 йил 21 – 27 сентябрь кунлари Пекин шаҳрида коммуникация ва инновация масалалари бўйича Осиё-Тинч океани гуманитар ҳамкорлигига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Халқаро форум ишида Ўзбекистон ҚЯОЖ делегацияси ҳам иштирок этди.

Ушбу минтақавий учрашувда Осиё-Тинч океани, Марказий Осиё минтақалари Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Миллий Жамиятлари ва Хитой Халқ Республикаси Савдо вазирлиги вакиллари иштирок этдилар.

Семинар доирасида Хитой Қизил Хочининг табиий офатларга тайёрланиш ва улар содир бўлган вақтда ҳаракатланиш, халқаро инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш ҳамда ҳамкорлик дастурларини амалга оширишга оид фаолиятига бағишланган тақдимоти бўлди. Учрашув давомида Хитой Қизил Хоч Жамияти ёрдамида ўз фаолиятини олиб бораётган “999” Пекин тез тиббий ёрдам Марказининг иши намойиш этилди.

2016 йил 24-26 сентябрь кунлари барча тадбир иштирокчиларининг Гуандонг провинциясига, Гуанчжоу  ва Чжухай шаҳарларига Хитой Қизил Хочи маҳаллий филиалларининг ФВга тайёргарлик кўриш ва уларда фаолият юритиш ишини ўрганиш учун ташрифи ташкил этилди. Жанубий Хитой денгизи қирғоғидаги Чжухай провинциясида Хитой Қизил Хочи қутқарув гуруҳининг машқлари намойиш этилди. Форум иштирокчилари шунингдек Хитой Қизил Хочининг Чжухай шаҳридаги урбанизациялашган зонада жойлашган ўқув-услубий Марказига ҳам ташриф буюрдилар. Марказ шаҳар аҳолисига биринчи ёрдам кўрсатишни ўргатувчи замонавий техника ва инновация қурилмалар, шунингдек, табиий ва техноген характердаги ФВда фаолият юритишга тайёрланишга оид элементлар билан жиҳозланган.

Шунингдек, 2016 йил 22 сентябрь куни Ўзбекистон ҚЯО Жамияти раиси Х.Я.Каримов бошчилигидаги делегациясининг Хитой Қизил Хочи Вице-президенти жаноб Ван Рупенг билан икки томонлама учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда гуманитар ташкилотларининг салоҳиятини мустаҳкамлаш ва имкониятларини сафарбар қилиш, гуманитар соҳада узоқ келажакка мўлжалланган ҳамкорлик, келгуси хатти-ҳаракатлар стратегияси ва режаларга оид  фикрлар алмашуви бўлиб ўтди. Умуман олганда минтақавий семинар қатнашчиларга ФВга тайёрланиш ва ўша пайтда фаолият олиб боришга инновацион ёндошишни ўрганиш, бу йўналишдаги бой тажрибани алмашиш ва бошқа Миллий Жамиятларнинг аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламларига ёрдам кўрсатишга оид фаолияти билан танишиш имконини берди.