04 Iyl 2015

Биринчи ёрдам

Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш Давлат тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарорида белгиланган вазифаларни бажариш бўйича амалий ишларни олиб бормоқда. Жумладан, аҳолини биринчи ёрдам кўрсатишга ўргатиш устувор вазифалардан саналади.

Бугунги кунда Миллий Жамият мутахассислари турли мамлакатлар қутқарувчилари ва маслаҳатчилари билан ҳамкорликда ноёб таълим курсини ташкил этилди. Дастур Ўзбекистон Республикаси вазирликлари томонидан сертификатланган ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояланган.

Дастурнинг асосини махсус тибиий маълумотга эга бўлмаган кишилар учун мўлжалланган курс ташкил этади. Унда ўзлаштирилган малака ишда ёки йўл ҳаракатида жароҳат олганларга, касаллик тўсатдан оғриқ берганда илк ёрдам кўрсатишга ва фавқулодда вазиятларга ишонч билан ҳаракатланишга имкон беради.

Ўзбекистон ҚЯОЖ да ташкил этилган ўқув марказлари ходимлари ва маслаҳатчилари корхоналарда ходимларни биринчи ёрдам кўрсатишга малакали даражада тайёрлай олади. Курслари танг вазиятларда амалий тажрибага ҳамда юқори назарий билимга эга малакали мутахассислар олиб боради. Ўқиш давомида ходимлар ёнғин ҳолатида, заҳарли моддалар ёки газ билан заҳарланганда ҳамда ишлаб чиқаришда шошилинч вазиятларда биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича батафсил ўргатилади. Мутахассислар мазкур курсларини жойларда ҳам олиб боришлари мумкин.

Шу йилнинг ўзида мамлакатимиздаги корхоналарнинг 500 нафар ходимлари курсларни тугатганлик тўғрисида махсус сертификат олди.