//= get_template_directory_uri(); ?> //= get_template_directory_uri(); ?>
Баҳор келиши ҳамма даврларда инсон ҳаётидаги энг қувончли ҳодисаларидан бири бўлган. Ушбу айёмни турли халқлар турлича нишонлашган. Аммо буларнинг барчасида Наврўз табиатнинг янгиланиши, ҳаётнинг тантанаси, унумли янги йилга умидни акс эттирган.
Ўзбекистон халқи учун Наврўз – гўзаллик ва янгиланиш байрами, энг қадимий, ҳақиқатан миллий байрам бўлган. У биз учун яна шуниси билан аҳамиятлики, ўзида инсонпарварлик, эзгулик, ўзаро ёрдам ва сахийлик каби абадий қадриятларни акс эттиради. Баҳор байрами бўлмиш Наврўз ўзининг инсонпарварлик руҳи билан ҳар бир кишининг қалбига яқин ва қадрлидир.
Мамлакатимизнинг энг кекса инсонпарвар ташкилоти, 2015 йилда ўзининг 90 йиллигини нишонлаган Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиятининг мақсад ва вазифалари ҳам Наврўз ғояларига ҳамоҳангдир. Жамиятимиз аъзолари ушбу байрамни мамлакатимизнинг ижтимоий аҳамиятга молик дастурларига кўмаклашувчи кенг қамровли ишлари билан кутиб олди.
Кириб келаётган 2016 йил Президентимиз ташаббуслари билан “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилинди. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 23-йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда таъкидлаганидек, “Энг муҳими, “Соғлом она ва бола – бахтли оиланинг асоси, бахтли оила – гуллаётган жамиятнинг асоси” деган эзгу ғоя бизнинг ҳаётимизда мустаҳкамланиши ва унинг мужассам бўлиши ҳар биримиз учун муқаддас бурчга айланиши зарур… Ишонаманки, кўп миллатли халқимизнинг яратувчилик салоҳияти ва меҳнати туфайли биз “Соғлом она ва бола” йилида ўз олдимизга қўйган юксак мақсад ва вазифаларимизга эришамиз”.
Шунга мувофиқ, Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти фаолиятида хомийлигидаги фуқароларга манзилли ёрдам кўрсатиш, кўп болали оилаларга моддий ва маънавий кўмаклашиш, соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлаш, оиладаги тиббий маданиятни юксалтириш, оналик ва болаликка кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилади. Режалаштирилган кенг қамровли лойиҳаларни амалга ошириш учун бизнинг Жамиятимизда кучли ва ишончли салоҳият мавжуд.
Қадрли дўстлар, мана шундай нурли кунда оилаларингизга сиҳат саломатлик, бахт ва омад, тинчлик ва хотирижамлик каби энг эзгу тилакларимни билдираман. Хонадонингиздан файзу барака аримасин!