03 May 2015

Ашхабодда инсонпарварлик форуми

Жорий йилнинг май ойи бошида Туркманистон пойтахтида Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Жамиятлари Федерацияси вакилларининг минтақавий учрашуви бўлиб ўтди. Халқаро форум ишида Федерация раҳбарлари, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ва МДҲ мамлакатлари, Болтиқбўйи ва Грузия Миллий Жамиятлари вакиллари иштирок этди.

Форумда Ўзбекистон делегацияси номидан Миллий Жамият Ижрочи директори Э.А. Амиралиева ва фавқулодда вазиятларга тайёргарлик бўлими мудири М.М.Миржапаров иштирок этди.

Учрашув қатнашчилари барча Миллий Жамиятларнинг фаолиятида инсонпарварлик дипломатиясини ривожлантириш, Миллий Жамиятларнинг қонунчилик базаси имкониятларини кенгайтириш ва ташкилий жиҳатдан ривожланишини кучайтириш бўйича ўзаро амалий ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилишди. Шунингдек, аҳолини ижтимоий ҳимоялашнинг асосий йўналишларида Миллий Жамиятларнинг давлат гуманитар лойиҳаларидаги кўмаги масалалари кўриб чиқилди.

– Ушбу минтақавий учрашув барча Миллий Жамиятларнинг истиқболдаги ривожланишига ёрдам беради, – деди ўз маърузасида ХҚХ ва ҚЯО Жамиятлари Федерациясининг Бош котиби жаноб Эльхаж Ас Си. – Биз минтақадаги фаолиятимизнинг янги стратегиясини ва узоқ муддатли истиқболга мўлжаланган режаларни ишлаб чиқиш имкониятини, шунингдек, Миллий Жамиятлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ва улар имкониятини сафарбар қилиш масалалари кўриб чиқдик. Табиийки, бу ўз навбатида барча Миллий Жамиятларнинг инсонпарварлик фаолиятида ижобий тарзда номоён бўлади.

Учрашув давомида Ўзбекистон ҚЯО Жамияти делегацияси Миллий Жамиятлар вакиллари, шунингдек, Федерация мутаҳассислари билан мунозаралар ўтказди. Ҳамкорлар гуманитар соҳада бундан буён ҳам фаоллик қилиш ва ўзаро манфаатлар юзасидан ҳамкасбларнинг тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилишди.