01 Iyl 2017

Тарихдаги илк ташриф

2017 йил 29 июндан 1 июлгача Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Жамиятлари Халқаро Федерацияси Президенти жаноб Тадатеру Коное Ўзбекистонга ташриф буюрди. Юқори мартабали меҳмоннинг мамлакатимиздаги дастурида – ҳукумат аъзолари билан учрашувлар, соғлиқни сақлаш ва фавқулодда вазиятлар  вазирликларига ташриф, Ўзбекистон ҚЯОЖ раҳбарияти ва мутахассислари билан мулоқотлар ҳам бўлиб ўтди. Расмий ташриф Тошкент ва Самарқанд шаҳарларининг диққатга сазовор жойларини кўриш билан тўлдирилди.

Бу тарихий лаҳзалардир. Халқаро ҳаракат тузилгандан буён ҚХ ва ҚЯО Жамиятлари Халқаро Федерациясига бошчилик қилувчи аппаратнинг олий лавозимдаги раҳбари Ўзбекистонга илк бор расмий ташриф билан келди. Марказий Осиёдаги бешта мамлакатдан бизнинг мамлакатимиз танлангани ҳам бежиз эмас. ҚХваҚЯО ХФ Президенти билан учрашувлар ташкил этишни режалаштиришда ўзаро манфаатли масалалар, шу жумладан, Миллий Жамиятнинг инсонпарварлик фаолияти билан боғлиқ, хусусан, ҳуқуқий ва норматив ҳужжатларни ишлаб чиқишга оид масалаларга эътибор берилди. Бундан ташқари, гуманитар йўналишдаги асосий масалалар ва Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиятининг давлат дастурларини бажаришдаги ёрдамчилик ўрни, унинг ҳуқуқий ва қонунчилик базасини янада ривожлантиришга оид масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ҚЯОЖ томонидан Низом йўналишларининг барчаси бўйича олиб борилаётган мақсадга мувофиқ ишлар бизнинг ташкилотимиз дунёдаги 50 та энг яхши Миллий Жамиятлар орасидан муносиб жой олишига имкон берди. Бу Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Жамиятлари Халқаро Федерациясининг Минтақавий ташкилотларни ривожлантириш Қўмитаси мониторинги натижасидир. Бу хабар шу йилнинг бошида ана шундай нуфузли халқаро ташкилотнинг Ўзбекистон ҚЯОЖ раисига юборган махсус мактубида тилга олинган. Мактубда жумладан: “Сизнинг Миллий Жамиятингиз барча мезонларга мос келади ва дунёдаги 190 та Миллий Жамиятларнинг илғор 50 таси сафида турибди”, дейилади.

Халқаро Федерация Президенти мониторинг якунларини ўз кўзлари билан кўриб, бунга ишонч ҳосил қилди. Барча учрашувларда у ўз сўзларини шундай бошлар эди: “Мен Халқаро Федерациянинг Ўзбекистонни, унинг меҳнаткаш ва очиқ чеҳрали халқини кўришга мушарраф бўлган ва унинг ноёб ўтмиши билан танишган Халқаро Федерациясининг биринчи Президенти бўлганимидан жуда шодман”.

Ҳурматли меҳмоннинг учрашувлари жадвали ходисаларга бой  бўлди. Вазирлар Маҳкамасида мамлакат Бош вазири ўринбосари Т.К.Норбоева билан бўлган учрашув жуда қизиқарли ва мазмунли ўтди. Меҳмонларга ушбу гуманитар ташкилотнинг давлат дастурий ҳужжатларини мақсадли амалга оширишга, Ҳаракатнинг Асосий тамойилларини ҳаётга татбиқ этишга қўшаётган катта ҳиссаси борасида ахборот берилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигида ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама этилди, улар орасида – патронаж, якка-ёлғиз, ўзгалар ёрдамига муҳтож қарияларга кўмаклашиш, беғараз донорликни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини кучайтириш масалалари кабилар бор эди. Миллий Жамият ходимлари самимийлик ва ишонч руҳида ўтган ушбу учрашув натижаларидан кўп нарса кутишмоқда.

Ўша куни Миллий Жамиятда байрамона руҳ ҳукмрон бўлди. Жамият раҳбарлари, мутахассислари ва кўнгиллилари меҳмонларни самимий кутиб олдилар. Дўстона учрашувда фикрлари, режалари билан ўртоқлашдилар. Юқори мартабали меҳмон Ўзбекистоннинг етакчи ОАВига интервью берди.

– Мен бугун бир нечта учрашувлар ўтказдим. Улар менда унутилмас кайфият уйғотди, – деди Халқаро Федерация Президенти. – Ўзбекистон хукумати, қатор вазирлик ва идоралар ЎҚЯОЖнинг мақсадли фаолияти ҳақида  кенг маълумотга эга бўлганлиги, уларни яхши билиши,  ҳамда эзгулик йўлидаги фаолиятга яқиндан ёрдам кўрсатишга доимо тайёрлигини кўрдим. Яқиндан ёрдам бор, олиб борилаётган ишларнинг мазмуни моҳиятини тушуниш бор – демак, янада ривожланиш ҳам бўлади, – дея таъкидлади жаноб Коное.

Бу каби учрашувларни ташкил этишнинг яна бир асосий мақсади – Миллий Жамият салоҳиятни мустаҳкамлаш, келгусидаги инсонпарварлик вазифаларини адо этишда давлат тизимлари билан ҳамкорликни муҳокама қилишдир. Суҳбатлар чоғида Жамият бундан укйин инсон ресурсларига алоҳида эътибор қаратиши бир неча бор таъкидланди. Ҳамма нарса  – инсон бахт-саодати, унинг манфаатлари учун – мавзуси суҳбатлар жараёнида белгиловчи омил бўлди. Тадатеру Коное жаноблари ҳам бу фикрни ўз нутқида таъкидлади. Шунингдек меҳмон

Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиятининг Халқаро Федерация мониторинги натижасида дунёдаги 50 та энг илғор  Миллий Жамиятлар сафига кўтарган кишиларни кўриш истагига эришганидан бағоят шод эканини қайта қайта такрорлади.