18 Iyn 2013

Биринчи ёрдам инструкторлари тайёрланди.

“Инсонийлик” Республика ўқув методик марказида фавқулодда вазиятлар содир бўлганда биринчи тиббий ёрдамни кўрсатиш бўйича тренерларни тайёрлашга бағишланган уч кунлик семинар-тренинг  бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти билан ҳамкорликда Япония Қизил Хоч Жамиятининг CBHFA лойиҳаси асосида ташкил этилди.

Семинарда иштирок этиш  учун  Миллий Жамиятнинг вилоят ташкилотларидан фаол мутахассислар таклиф этилди.Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти мутахассислари ва Япония Қизил Хоч Жамияти бир қатор ташкилотларининг етук мутахассислари мастер-класс дарсларини юқори даражада ўтказдилар. Тренинг очилиш маросимида Япония Қизил Хоч Департаменти директори жаноб Фумиаки Андо  Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти фаолиятига юқори баҳо берди, ва айнан мактаб ўқувчиларини ФВ ҳолатларида амалий ёрдам кўникмаларига ўқитиш ва ўргатиш ишларини  алоҳида эътироф этди.

Лойиҳа асосида компьютер техникаси ва информацион дастурлар, марказлар манекенлар билан тўртта фандрейзинг марказлари  таъминланиб, республика бўйича  52 нафар инструктор ҳамда 1000 га яқин волонтёрлар  тайёрланди.  

Келгусидаги амалий ишларнинг самарадорлигини ошириш  учун ўқув-методик дарсларининг сифатини яхшилаш борасида қўшимча чора тадбирлар ишлаб чиқилган эди. Амалий машғулотларни олиб бориш учун 2010 йил стандартлари асосида  сертификатлар ва  малакага эга бўлган биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича  тренерларни жалб қилиш зарурияти юзага келди.  

Семинар-тренинг доирасида япониялик ҳамкорлар кўмагида Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти вилоят ташкилотларининг 24 та мутахассислари ўз малакаларини ошириш имкониятига эга бўлдилар.Ўз навбатида,улар энди туман бўлимларининг инструкторларини биринчи  тиббий ёрдам кўникмаларига ўқитиб,тайёрлашлари мумкин.