10 Dek 2014

Биринчи ёрдам: буни ҳамма билиши шарт

Биринчи ёрдам кўрсатиш сабоқларини кенг аҳоли қатламларига ўргатиш – бу биринчи навбатда инсонларга шифокор етиб келгунга қадар оддий усулда илк ёрдам бериш ва зарур ҳолатларда атрофдагиларга ёрдам кўрсатиш учун керакли малакага эга бўлишдир.  

 –Аҳолини шифокор етиб келгунга қадар биринчи ёрдам кўрсатишга ўргатиш Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти фаолиятининг устувор йўналишлари қаторига киради, – дейди Ўзбекистон ҚЯОЖ бўлим бошлиғи Наталья Ким. –  Жамиятимиз ва хорижий давлатлар  Миллий  Жамиятлари,  Халқаро  Қизил  Хоч Қўмитаси ва Халқаро  Қизил Хоч ва Қизил  Ярим Ой  Федерацияси билан тегишли дастурни амалга ошириш доирасида мустаҳкам алоқалар йўлга қўйилган.  Ҳамкорликдаги фаолият давомида турли ҳаётий вазиятларда юзага келадиган салбий оқибатларни камайтириш борасидаги маълумотлар,  янгиликлар билан ўзаро тажриба алмашадилар. Жаҳон тажрибасига таянган ҳолда, Жамиятимиз томонидан биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича янги стандартлар ишлаб чиқилган.  Ҳодиса юз берган жойда хавф-хатарни ва жабрланувчининг аҳволини тезда баҳолаш имконини берувчи аниқ ва тушунарли ҳатти-ҳаракатлар ўқув дастурининг асосини ташкил этади.   

 Миллий Жамият мутахассислари томонидан яратилган “Биринчи ёрдам”ни ўргатиш дастури – турли мамлакатлар қутқарувчилари ҳамда маслаҳатчиларининг ҳамкорликда яратган ўзига хос таълим курсидир. Бу курс Европа Ҳамжамиятининг, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш  ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари сертификатларига эга ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояланган. Дастурнинг асосий курси – бу, махсус тиббиёт маълумотига эга бўлмаган кишилар учун мўлжалланган курс саналади. Ўзлаштирилган малакалар ишлаб чиқаришда ёки йўл ҳаракати ҳодисасида жароҳат олган, касаллик тўсатдан хуруж қилишидан қийин аҳволга тушиб қолган кишиларга биринчи ёрдам кўрсатиш, фавқулодда вазиятларда малакали тиббий ёрдам ва бошқа ихтисослашган хизмат бўлимлари етиб келгунга қадар ўзини босиқ, ишончли тута билиш кўникмаларига эга бўлишга имкон беради. 

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида фавқулодда вазиятларда огоҳлантириш ва ҳаракатланишнинг давлат тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарорини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти мутахассислари томонидан ўтган йилда  жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш малакалари бўйича тўққизта пуллик тренинглар ўтказилди. Унда турли ташкилотлар ходимларидан иборат 95 киши ўқитилди.                                       

 Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти Ўқув маркази ходимлари корхоналарда биринчи ёрдам кўрсатиш каби соҳаларда ходимларни сифатли тайёрлашни ўтказишга тайёр. Юқори малакали мутахассислар ҳам жойларга бориб, ҳам Марказ ҳудудида ўқув курсини ўтказиши мумкин.  Таълим жараёнида ходимлар ёнғин  ҳолатларида, заҳарли  моддалар ёки  газ билан  заҳарланганда ва ишлаб чиқаришдаги бошқа фавқулодда вазиятларда биринчи ёрдам кўрсатишга батафсил ўргатилади.