12 Avg 2018

Оилавий ришталарни тиклашга оид минтақавий семинарлар

2018 йил 11-12 майда Самарқандда, 9-11 августда Фарғонада “Оилавий алоқаларни тиклаш” дастури доирасида минтақавий семинарлар бўлиб ўтди.

Самарқанддаги семинарда Бухоро, Жиззах, Навоий, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлари масъул ходимлари, Фарғонада эса Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари масъул ходимлари иштирок этишди. Қатнашчилар ХҚХҚнинг Марказий Осиёдаги Минтақавий ваколатхонаси вакили Ж.Расулев, Қозоғистонлик координатор Л.Г.Шамшура ва Ўзбекистон ҚЯОЖ тиббий-ижтимоий бўлими раҳбари С.М.Умаровнинг ана шу йўналишдаги маърузаларини тингладилар.  

Семинар дастурига мувофиқ иштирокчилар ХҚХҚнинг Оилавий алоқаларни тиклаш соҳасидаги фаолияти, шу жумладан фавқулодда вазиятларда ана шундай фаолиятни юритиш, бу йўналишда ишлашнинг турли усуллари ва излаш жараёнида хатти-ҳаракатлар алгоритми билан танишдилар.

Тингловчилар ЎҚЯОЖ томонидан илк бор ташкил этилган бундай минтақавий семинарларнинг юқори савияда ўтганлиги, ўзларининг ушбу йўналишдаги назарий билимлари ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлашганини таъкидлаб, бу каби тадбирларни мамлакатимизнинг барча минтақаларида ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлишини билдирдилар. Тадбирлар якунида қатнашчиларга сертификатлар топширилди.