26 Yan 2015

Самарали ҳамкорлик

2015 йил 26 январда Марказий офисда Миллий Жамият раҳбарияти ҳамда  Россия Федерацияси бўйича Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой  Федерацияси делегацияси раҳбарлари ва “ОИТС ахборот алоқаси” Минтақавий жамоатчилик ташкилоти ходимлари   учрашуви бўлиб ўтди.

ХҚХ ва ҚЯО  Федерациясининг Россия Федерациясидаги Минтақавий делегацияси соғлиқни сақлаш соҳасида халқаро ёрдамни ривожлантириш ва кўмаклашиш дастурини амалга ошириш бўйича учрашув ташаббускори бўлди.    

Меҳмонлар уч кун давомида Ўзбекистондаги кўҳна гуманитар ташкилот фаолияти билан танишиб чиқдилар.Учрашувнинг биринчи куни Миллий Жамият раҳбарияти билан суҳбат шаклидаги учрашувнинг биринчи кунида кейинги иккиёқлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигига КАМАЗ автомобилига жойлаштирилган   тест-тизим, дори воситалари, шунингдек, бошқа тиббиёт маҳсулотларига эга бўлган   даволаш-диагностика мажмуасини беғараз топшириш масалалари музокараларнинг асосий мавзу бўлди.    

Шу куни Ўзбекистон ҚЯОЖ марказий аппарати ходимлари билан учрашув бўлиб ўтди. Меҳмонлар Ўзбекистон ҚЯОЖнинг имкониятлари ва кўп қиррали фаолиятига бағишланган тақдимот билан танишиб чиқди.

Учрашув кун тартибига  “Инсонийлик”  Республика ўқув-услубий марказига бориш ҳам қўйилган эди. Ҳамкасблар ўтган йили очилган тиббий-ижтимоий Марказ ишини қизиқиш билан кўриб  чиқишди.   Меҳмонлар мутахассисларнинг профессионаллиги, қулай шарт-шароитлар, шинамлик ва ҳар бир кишига илиқ муносабат – Марказ ходимларининг юқори касб маҳоратидан дарак беришини таъкидлаб ўтишди. Куннинг иккинчи ярмида москвалик делегатлар Ўзбекистон ҚЯОЖ Тошкент шаҳар ташкилоти иши билан танишиб чиқишди.

2015 йил 28 январда Россия делегациясининг Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазир ўринбосари  Ш.Х. Тиллаев билан расмий учрашуви бўлиб ўтди. Суҳбатда Ўзбекистон ҚЯОЖ раиси Х.Я. Каримов иштирок этди.  Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу ташаббусни қўллаб-қувватлайди ҳамда дастурни муваффақиятли амалга ошириш учун малакали кадрлар билан таъминлаш  ва “кўчма клиника”дан мақсадли фойдаланишга ёрдам беради, – дея таъкидлаб ўтилди учрашув чоғида.

Жорий йилнинг ўзида минтақа бўлимларида ишлаш учун мобиль диагностика мажмуаларининг биринчи партияси келиб тушади.