29 Okt 2015

Қутқарувчилар учун тренинг

Наманганда тўрт кун давомида Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти вилоят ташкилотининг Офатларга тезкор ҳаракатланиш жамоаси аъзолари учун семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Нодавлат нотижорат ташкилотлар ичида ЎҚЯО жамиятига Вазирлар Маҳкамасининг махсус  қарори билан аҳолини ФВда олдини олиш ва ҳаракат қилишга  ўқитиш бўйича вазифалар юклатилган. Республика ташкилоти қошида Офатларга тезкор ҳаракат қилиш жамоаси тузилган. Шундай командалар минтақавий ташкилотлар таркибида ҳам фаолият юритади.

Семинарда  вилоят  ташкилоти  тезкор ҳаракатланиш  жамоасининг 15 аъзоси иштирок этди. Машғулотларни Ўзбекистон ҚЯОЖ халқаро тренерлари, ФВ бўйича масъул ходим Баҳодир Абдуллаев ва халқаро гуманитар ҳуқуқни тарғиб этиш бўйича Фарғона водийси координатори Акром Қодиров олиб борди. Семинар Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида фавқулодда вазиятларда огоҳлантириш ва ҳаракатланиш давлат тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилди.  

Мазкур қарорга мувофиқ семинар дастури ишлаб чиқилди. Офатларга тезкор ҳаракат қилиш янги гуруҳи Наманган муҳандислик-педагогика институти негизида ташкил этилди. Гуруҳга аъзо бўлишни истаган талабалар қатъий танловдан ўтади – дарсларни ўзлаштириш, жисмоний тайёргарлик, соғлом турмуш тарзига риоя қилувчиларни гуманитар ташкилот сафида бўлиш истаги кўриб чиқилади.     

Семинар давомида машғулотлар вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасида ҳам ташкил этилди.  ФВ да ҳаракат қилишнинг назарий ва амалий кўникмалари, бошқа соҳа хизматларининг вазифалари ишлаб чиқилди.            

Тренинг иштирокчиларига ФВ, тезкор ҳаракатланиш командаси  тўғрисида маълумот батафсил берилди. Шунингдек, ФВда оила аъзолари алоқаларини тиклаш масалалари ўрганилди. Волонтёрлар мураккаб вазиятларда огоҳлантириш ва унинг олдини олиш билан танишди. Тезкор ҳаракатланиш командаси аъзолари тўғрисида маълумотлар базаси яратилди. Чодирли лагер тиклаб,  унинг фаолиятини ташкил қилиш, аҳолига   ва жабрланганларга ФВ да гуманитар ёрдам кўрсатиш қоидалари амалий жиҳатдан кўрсатилди. Бундан ташқари кўнгиллилар қутқарувчилар ўқув отрядига тегишли турли аппаратураларни қўллашни ўрганишди, сувга шўнғиб қутқариш,  юракка массаж қилиш каби бир қатор кўникмаларни  ўрганишди. Семинар якунида барча иштирокчиларга махсус сертификатлар топширилди.