21 Mar 2018

Наврўз байрами муборак бўлсин!

Мамлакатимизга баҳор билан бирга янгиланиш, нафосат ва гўзаллик байрами Наврўз кириб келди. Азалдан бу байрам кўплаб мамлакатларда, шу жумладан, бизнинг юртимизда шод-хуррамлик билан кутиб олинган. Ерга барака уруғлари қадалган, янги боғ-роғлар ташкил этилган, кишилар эски гина-кудуратларини унутиб бир-бирларини қутлашган, айниқса болажонлар ва кекса авлод вакилларига алоҳида мурувват кўрсатилган. Наврўзнинг ана шундай асрий қадриятларига ҳамоҳанг фаолият юритаётган ва бу йил 93 ёшини қарши олаётган Ўзбекистон Қизил Ярим ой Жамияти мазкур айёмни ўз сафларини янада мустаҳкамлаш, ўз фаолият йўналишларини амалга оширишга ёш авлод вакилларини янада кенгроқ жаб этиш билан кутиб олмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси” Фармонида аҳолининг ижтимоий муҳофазасига катта эътибор берилган. Жамиятимиз ушбу ҳужжатда кўрсатилган вазифаларни амалга оширишга ўзининг бор кучини сарфлайди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, республика Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний” ва “Маҳалла” жамғармалари билан Жамиятимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланаётгани ва кенгаяётгани мамлакатимизда олиб борилаётган инсонпарварлик фаолиятининг муваффақиятини таъминлаши шубҳасиз. Бунда Жамиятимизнинг кўплаб ташкилот ва бўлинмалари томонидан тайёрланган ижтимоий лойиҳаларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг грантларига сазовор бўлганлиги ўзига хос аҳамият касб этади. Уларнинг мазмуни “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинган 2018 йилнинг асосий ғояси билан уйғундир.

Ана шундай муборак байрамда оилаларингизга тинчлик-хотиржамлик, бахт-саодат, мустаҳкам соғлик, олдингизга қўйган юксак марраларни забт этишингизда барчангизга муваффақиятлар тилайман