19 May 2018

Қўмондонлик-штаб ўқув машқлари

Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилишнинг 2018 йилдаги асосий тадбирларига оид режага асосан 2018 йил 10-12 май кунлари Норин туманида “Бошқарув органлари, ФВДТ ҳудудий ва функционал қуйи тизимларининг табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳаракати” мавзусида қўмондонлик-штаб ўқув машқи ўтказилди.

Қўмондонлик-штаб ўқув машқида ЎҚЯОЖ вилоят ташкилотининг офатларда ҳаракатланиш гуруҳи (ОҲГ) ФВДТнинг функционал ва ҳудудий қуйи тизимлари билан биргаликда санитария дружиналарининг тайёргарлик ҳолатини, уларга юклатилган вазифаларни бажаришлари учун керакли асбоб-анжомлар билан жиҳозланиш даражасини текширдилар. Машқ давомида фавқулодда вазиятлардан зарар кўрган аҳолига ёрдам кўрсатиш учун ҚЯОЖнинг энг зарур товарлар омборлари ва заҳиралари тизими ташкил этилди, туман шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш бригадалари дала шароитида зарур бўладиган палаткалар билан таъминланди.

Машқларда вилоят ташкилоти масъул ходимлари ва офатларда ҳаракатланувчи жамоа (КРБ) аъзоларининг амалий ҳаракатлари уйғунлаштириб  борилди. Шартли зарар кўрганлар эса хавфсиз жойларга эвакуация қилиниб, уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиши таъминланди.

 2018 йил 15-18 май кунлари Навоий вилояти Навбаҳор тумани ҳудудида “ФВДТ ҳудудий қуйи тизимларининг аҳоли ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича ҳаракати” мавзусида қўмондонлик-штаб ўқув машқлари (ҚШМ) ўтказилди.

Машқ давомида туманлар ФВДТ хизматларининг ўзаро ҳамкорликда бошқариш органларини, иқтисодиёт объектлари ва хизматлар раҳбарларини хабардор қилиш ва йиғиш, жабрланган туманлардаги аҳвол ҳақида ахборот йиғиш, уларни умумлаштириш, вазиятга баҳо бериш, ўзаро ахборот айирбошлаш ва туман Фуқаро муҳофазаси (ФМ) бошлиғининг қарор қабул қилиши, ФВДТ хизматларининг ФВ оқибатларини бартараф этишга оид ҳаракатлари, офат юз берган ҳудуддаги аҳоли ҳаётини ташкил этишга оид назарий ва амалий масалалар кўриб чиқилди. Машқларга барча туманлар ҚЯОЖ бўлимларининг 100 дан ортиқ ходими ва кўнгиллилари, 20 та қутқарувчи ва Навоий кончилик институти базасида ташкил этилган Офатларда ҳаракатланувчи жамоа (КРБ) жалб этилди.

Ўқув машқи ғоясига кўра Навбаҳор тумани Қизил равот МФЙдаги Ижанд ва Навруз қишлоқлари ҳудудидаги кучли ёмғир натижасида сел келиб 25 та хонадон жиддий талофат кўрди. Навбаҳор туман Қизил Ярим Ой Жамияти ишчи ходимлари ва 10 нафар кўнгилли қутқарувчилари талофат кўрган хонадонларга ёрдам беришди. Туман ҚЯОЖ заҳира омборидан 650 минг сумлик зарурий уй рўзғор анжомлари талофат кўрган 5 та оилага тарқатилди.