28 Okt 2015

Хитойда халқаро форум

2015 йил 22 октябрь куни Пекинда Осиё–Тинч Океани минтақаси ҳамда Марказий Осиё Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Миллий Жамиятлари вакиллари учун “ Фавқулодда Вазиятларда ҳаракатланиш кучларини мустаҳкамлаш” мавзуида семинар бўлиб ўтди.

Семинар доирасида табиий офатларга тайёргарлик ва ҳаракатланиш соҳасидаги Хитой Қизил Хочи фаолиятига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди. Хусусан, Хитой Қизил Хоч иши халқаро гуманитар ёрдам, ҳамкорлик дастурини амалга ошириш йўналишида ёритиб берилди. Семинар иштирокчилари шунингдек, ўз фаолиятини Хитой Қизил Хоч Жамияти кўмагида амалга оширувчи Пекин шошилинч тиббий ёрдам маркази – “999” иши билан танишди.

Ўзбекистон ҚЯО жамияти томонидан амалга ошириладиган лойиҳа ва дастурлари, ФВга тайёргарлик соҳасидаги фаолияти тўғрисида ЎҚЯО Жамияти Ижрочи директори Э.А.Амиралиева сўзга чиқди.

Семинар давомида Ўзбекистон ҚЯОЖ вакилларининг Хитой Қизил Хоч президенти Хао Линн хоним билан учрашуви бўлиб ўтди. Самимий ва дўстона вазиятда икки Миллий Жамият ўртасида узоқ истиқболга мўлжалланган ҳамкорлик режаларини ишлаб чиқиш борасидаги масалалар кўриб чиқилди. Ўзаро кучларни бирлаштириш ва давлатлар томонидан амалга оширилаётган ижтимоий сиёсатга яқиндан кўмак бериш мақсадида мустаҳкам алоқалар ўрнатилди.

Умуман олганда семинар ФВга тайёргарлик ва ҳаракатланиш борасидаги бой тажрибага эга бўлиш ва бошқа Миллий Жамиятларнинг аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламига ёрдам кўрсатиш бўйича фаолиятини ўрганиш имконини берди. Семинар якунида Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Жамиятлари Федерацияси президенти Тадатеру Каное семинарнинг барча иштирокчиларига махсус сертификат топширди.