02 Yan 2017

2017 Йил – халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили дилдан суҳбат

Давлат дастурини амалга ошириш доирасида ахборот бюллетенимизда янги рукн бошлаймиз. Унда Ўзбекистон ҚЯОЖ раҳбарлари ва мутахассислари инсонпарварлик фаолияти мавзусида ўз фикрларини баён этадилар. Биринчи меҳмонимиз – Самарқанд вилоят ташкилоти раиси Мунира Шерматовна Арипова.

САВОЛ: Инсонпарварлик ташкилотидаги фаолият қайси томонлари билан мухим?

М.Ш.АРИПОВА: Энг аввало у ҳақиқий фидойиликни талаб этади. Ушбу ташкилотга бағри кенг, ўзгалар дардини яхши тушинадиган, бор куч -ғайратини эзгулик йўлида бахш эта оладиган инсонлар меҳнат қилишлари керак, деб ўйлайман. Бу фаолиятнинг энг мухим томониларидан бири – бизнинг кундалик меҳнатимиз замирида меҳр-мурруват туради, ҳар бир хонадон, ҳар бир кишининг чинакам қадрдонга айланишимиз керак.

САВОЛ: Унинг раҳбари қандай хислатларга эга бўлиши керак?

М.Ш.АРИПОВА: Инсонпарвар ташкилотда ишлаш – унга бор кучини сарфлашни ва ижодий ёндошувни талаб қилади. Унинг раҳбари ҳаракатчан, мақсадга интилувчан, билимли, айни пайтда зийрак, эътиборли ҳамда атрофдагиларга намуна бўлиши керак. У ўз ходимларини ҳурмат қилиши лозим. Ўз-ўзини ташкиллаштириш ва тартиб, қўйилган мақсадга эришишга интилиш – раҳбар эга бўлиши зарур бўлган муҳим сифатлар бўлиб, кўпинча улар иш самарадорлигининг кўрсатгичлари ҳам саналади. Расмий шахс сифатида раҳбарнинг жамоат ташкилоти фаолиятини бошқарувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни билиши зарурлигини ҳам аҳамиятга эга деб биламан.

САВОЛ: Замон билан хамнафас бўлиш учун нима қилиш керак?

М.Ш.ОРИПОВА: Китоб мутоала қилиш. Президентимиз Ш.Мирзиёев имзо чеккан дастлабки ҳужжатлардан бири “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, ўқиш маданиятини ошириш ва тарғиб этиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши бўлди. Бу тасодиф эмас. Чунки адабиёт бизга ёшлигимиздан йўлдош бўлади, дунёқарашимизни, фикрлаш ва ҳаёт тарзимизни вужудга келтиради. Унда бизни қизиқтирувчи барча масалаларнинг жавоби бор, уларнинг бир қисми биз доимо мурожаат қиладиган доимий китобларимизга айланиб қолади. Яхши асар туфайли ҳамфикрлар вужудга келади, замонавий адабиёт инсоннинг интеллектуал салоҳиятини мустахкамлайди. Улар бизга ҳаётдан ортга қолмасликни ўргатади, маънавий жиҳатдан бойитади, ишонч бағишлайди, тилимизни тўғрилайди, нутқимизни ривожлантиради. Булар барчаси биз учун жуда мухим, чунки биз доимо инсонлар орасида бўламиз, уларга намуна бўлишимиз лозим.