25 Mar 2016

2016 Йил – соғлом она ва бола йили. Меҳнатимиз унумли бўлсин!

Анъанага кўра йил бошида Ўзбекистон ҚЯОЖнинг кенгайтирилган раёсат мажлисида минтақавий, вилоят ташкилотлар вакиллари йиғилиб, янги йилдаги энг муҳим ва устувор вазифаларни белгилаб олишди. “Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти ташкилотларининг Миллий Жамият XXI Қурултойи қарорларини бажаришга оид фаолияти” мавзусидаги семинарда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва Темир йўл минтақавий ташкилотлари раислари, ижрочи директорлари ва бош хисобчилари қатнашдилар.

Йиғилишда қайд этиб ўтилганидек, мамлакатимиз Президентининг Қарори билан Миллий Жамиятга “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурининг икки бандини ижро этишга оид вазифалар юклатилган. 40-бандга мувофиқ Миллий байрамлар арафасида, Болаларни ҳимоя қилиш Халқаро куни ва янги ўқув йили олдидан кам таъминланган кўп болали оилаларга кўмаклашиш учун, уларга эсдалик совғалари, озиқ-овқат жамланмалари, кийим-кечак, ўқув қуроллари билан ёрдам кўрсатиш учун Миллий жамият томонидан 250 миллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади. Деярли 2 мингта кам таъминланган оила манзилли ёрдам олади. Бундан ташқари, Давлат дастурининг 28-бандига мувофиқ аҳоли ўртасида репродуктив саломатликни ҳимоя қилиш, соғлом оилани вужудга келтириш, болалар орасида юқумли касалликларнинг олдини олишга қаратилган 25 мингта ахборот-таълим материаллари чоп этилади. Давлат дастурини ижро этиш доирасида Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти ўртасида қўшма Битим имзоланди. Уни амалга оширишда барча минтақавий ташкилотлар иштирок этишади.

Семинарда жамиятнинг кўп қиррали фаолиятига бағишланган йигирмага яқин презентациялар намойиш этилди. Улар орасида инсонпарварлик ташкилоти ривожланишида Жамият Уставини ўрни, ташкилотларнинг молиявий-хўжалик фаолияти, ФВга тайёргарлик кўриш ишлари, кўнгиллилар ҳаракати, кадрлар билан ишлаш каби мавзулар кўриб чиқилди. Пленар йиғилишларида Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Навоий вилоятлари ва Тошкент шаҳар ташкилотлари раислари Д.У.Даниярова, Д.Ф.Сайфитдинова, М.А.Баҳриева ва У.Қ.Мухамедовалар ўзларининг амалий ишлари ҳақида сўзлаб беришди. Кўриб чиқилган барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.