//= get_template_directory_uri(); ?> //= get_template_directory_uri(); ?>
Фуқаро муҳофазаси бошлиғи ва Наманган вилояти ҳокимининг фармойишига асосан 2023-йил март ойи охирида Ўзбекистон ҚЯОЖ Наманган вилоят ташкилоти томонидан “Ёш қутқарувчи” танловининг вилоят босқичи ўтказилди. Вилоятдаги таълим муассасаларида ташкил этилган тегишли тўгараклар ўртасида ўтказилаётган мазкур мусобақадан кўзланган асосий мақсад ёшларни инсонпарварлик руҳида тарбиялаш, аҳолини фавқулодда вазиятларда уюшқоқлик билан ҳаракат қилишга ўргатиш, шунингдек “Ёш қутқарувчи” кўнгиллилар клубларининг тарбиявий ишларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг функционал вазифаларини бажарилишини таъминлаш.
Мусобақа бир неча босқичда ўтказилди:
Биринчи босқичда савол-жавоблар орқали гуруҳ аъзоларининг табиий ва техноген офатлар ва бошқа юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар ҳақидаги назарий билимлари синовдан ўтказилди.
Иккинчи босқичда иштирокчилар фавқулодда вазиятларда қутқарув хизматида қўлланиладиган махсус техника воситаларидан тўғри фойдаланишни кўрсатишлари керак бўлди ва ҳар ким ўзининг қўшимча маҳоратини кўрсата олди.
Учинчи босқич дарёни арқон ёрдамида фавқулодда вазият жойига кесиб ўтишдан иборат эди.
Тўртинчи босқичда сценарийга мувофиқ офат юз берган тоғли ҳудудга қутқарувчиларни ўз вақтида олиб чиқиш мақсадида тоққа чиқиш амалиёти кўрсатилди.
Бешинчи – якуний босқичда иштирокчилар ўзларининг жисмоний тайёргарлигини, жумладан, турли тўсиқларни енгиб ўтиш бўйича амалий ҳаракатларни кўрсатиш имкониятига эга бўлдилар.
Мусобақа якунида ҳакамлар ҳайъати томонидан “Ёш қутқарувчи” отрядлари аъзоларининг барча босқичлардаги амалий ҳаракатларини баҳолаб, ғолиб жамоаларни аниқладилар ва уларни ҳамкор ташкилотларнинг махсус медаллари, фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
2023-йил 28-март куни умумтаълим мактаблари жамоалари ўртасида мусобақа ўтказилди. Чортоқ туманидаги 30-умумтаълим мактабининг “Ҳалоскор” жамоаси ғолиб бўлди. 2023-йил 30-март куни касб-ҳунар таълими муассасалари ўртасида ўтказилган мусобақада эса Учқўрғон туманидаги 2-сонли касб-ҳунар таълими мактаби жамоаси ғолибликни қўлга киритди.
Мусобақа якунида Қизил ярим ой жамияти Наманган вилояти ташкилоти ходимлари ва кўнгиллилари томонидан фавқулодда вазиятларда жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш қоидаларини кўрсатувчи кўргазмали саҳна кўринишлари ташкил этилгани барча йиғилганларда самимий қизиқиш уйғотди.
Мусобақада Ўзбекистон ҚЯОЖнинг барча ҳамкорлари – вилоят ҳокимлиги, фавқулодда вазиятлар, соғлиқни сақлаш, давлат ва мактабгача таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Наманган шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва бошқалар вакилларидан иборат “Ёш қутқарувчи” отрядлари иштирок этганини алоҳида таъкидлаш лозим.