//= get_template_directory_uri(); ?> //= get_template_directory_uri(); ?>
Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти ва Германия Қизил Хочи билан ҳамкорликда Фарғона вилоятида “Марказий Осиё Қизил Ярим Ой Жамиятларига аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига ёрдам кўрсатиш бўйича миллий жамиятлар сифатидаги ижтимоий вазифаларни қатъий бажариш имконини бериш” лойиҳаси доирасида трансчегаравий симуляцион машғулотларини ташкил этилди.
Симуляцион ўқув машғулотларида Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон Қизил ярим ой жамиятларининг табиий офатларга қарши курашувчи миллий жамоалари аъзолари ҳамда Германия Қизил Хоч жамиятининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси вакиллари иштирок этдилар.
Жорий йилнинг 19-октабр куни машғулотларнинг биринчи кунида очилиш маросими бўлиб ўтди.
Расмий очилиш маросимидан сўнг Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти Ижрочи директори Э.A.Aмиралиева Трансчегаравий Фавқулодда вазиятлар режасини имзолади ҳамда барча йиғилганларга ўқув машғулотининг мақсад ва вазифалари ҳақида маълумот берди.
Машғулотларнинг иккинчи куни сценарийга кўра, маҳаллий вақт билан соат 10.00да эпицентри Фарғона шаҳри яқинида Рихтор шкаласи бўйича 7,2 магнитудали зилзила содир бўлди, 11 мингдан ортиқ ғиштдан (70%) ва 15 мингга яқин лойли уйлар вайрон бўлган. Бу фавқулодда ҳодиса нафақат Фарғона вилояти, балки қўшни ҳудудларга ҳам жиддий зарар етказди.
Табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун Фавқулодда вазиятларда огоҳлантириш ва ҳаракат қилиш давлат тизимининг (ФВДТ) барча хизматлари жалб қилинган. Дастлабки 24 соат ичида одамларни қутқариш учун Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг профессионал қутқарувчилар бўлинмалари ҳамда вазирлик ва идораларнинг навбатчи бўлинмаларидан фойдаланилди.
Кейинроқ, соат 22.30 дан бошлаб, йўлларини тозалаш учун шай ҳолатдаги фавқулодда вазиятлар давлат хизмати, жумладан, Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти жамоаларидан фойдаланилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқармалари жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёнғин хавфсизлиги хизмати бўлинмалари юзага келган ёнғинларни бартараф этиш билан шуғулландилар.
Ўша пайтдан бошлаб Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ҚЯОЖлари фавқулодда қутқарув ишларини олиб бориш, мавжуд вазиятни баҳолаш, Фавқулодда вазиятлар вазирлигига жабрланганларни қабул қилиш ва гуманитар ёрдам кўрсатиш учун вақтинчалик лагерлар ташкил этишда ёрдам бериш учун Фавқулодда вазиятларда ҳаракатланувчи гуруҳларини жалб этдилар. Фавқулодда вазиятлар бўйича маҳаллий қўмиталар (Маҳалла фуқаро мухофазаси) ҳамда маҳаллалардаги қутқарув отрядлари томонидан таълим муассасаларида жойларда қутқарув ишлари олиб борилиб, жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатилди. Санитария отрядлари иш ва яшаш жойидаги тайёрланган кўнгиллилар соғлиқни сақлаш органларига жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатишда кўмаклашдилар.
Юқоридаги барча ҳаракатлар Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон миллий жамиятлари аъзолари томонидан ишлаб чиқилган сценария асосида иштирокчиларнинг юқори даражадаги уюшқоқлиги билан ташкил этилган ҳаракатлари, маҳаллий ҳокимликлар, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой жамиятлари федерацияси вакиллари томонидан юқори баҳоланди.