29 May 2013

Наманганда – Ёшлар форуми

29 май куни “Соғлом авлод – соғлом келажак”  шиори остида  Наманганда   Республика Ёшлари форуми бўлиб ўтди.  Унда эзгу мақсад атрофида бирлашган минглаб кўнгиллилар жамулжам бўлишди.  Форум ишида  мамлакатимизнинг  барча минтақаларидан келган 200 дан ортиқ иштирокчилар қатнашдилар.   

Анжуман Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти    вилоят бўлими,  Фуқаролик жамияти шаклланишини  мониторинг қилиш мустақил институти вилоят  бўлими, вилоят Ахборот маркази, БМТ тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда ижтимоий инновациялар ва волонтёрлик” лойиҳаси, “Камолот” ЁИҲ, “Келажак овози” ва Ёшлар  марказлари  ташаббуси билан ўтказилди.

Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, форумдан кўзланган асосий мақсад – кўнгиллилар ҳаракатининг аҳамиятини кўрсатиш,  ёшлар ташкилотларининг баркамол авлод тарбияси, соғлом турмуш тарзи тарғиботига қўшган ҳиссасини очиб бериш, шунингдек  кўнгиллиларни  жалб этиш, уларни самарали  фаолиятга ундаш ва ишига баҳо беришдан иборат. Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Қизил яримой жамияти ижрочи директори Э.А.Амиралиева табрик сўзи билан чиқиш қилди.

Маърузаларда таъкидланганидек,  Ўзбекистон ҚЯЖ фаолиятининг  устивор  йўлналишлари орасида  кўнгилли ёшлар ҳаракати ва бошланғич ташкилотини шакллантириш,  халқаро  лойиҳалар тажрибасини ўрганиш ва гуманитар соҳада  ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш каби жабҳалар муҳим аҳамият касб этади.  

 

 

 Шунингдек, форумда кўриб чиқилган масалалар ичида   кўнгиллиларнинг  касб маҳорати ошириш, маънавий камолотига хизмат қилувчи ҳужжатларни  ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, барча ташкилотлар кўнгиллилари учун  марказлашган ўқув курсларини ташкил этиш ва улар учун  ўқув тадбирларининг қўшма режасини тузиш, ижтимоий тармоқларда махсус саҳифаларни очиш ва улар орқали мамлакатимз кўнгиллилари фаолиятини ёритишга оид масалаларни муҳокама қилдилар.

Халқаро  ташкилотлар вакиллари ўз чиқишларида  волонтёрлар институтининг ўзига хос  хусусиятларига тўхталдилар, уларнинг давлат ривожидаги ижтимоий ва иқтисодий ўрни ҳақида сўз юритиб, Ўзбекистон ҚЯО Жамиятининг  кўнгиллилар ҳаракати ривожидаги ўрнига ижобий баҳо бердилар. Ташкилотчилар қизиқарли маълумотларга бой бўлган маърузалар, тақдимотлар, шўъбалардаги интерфаол тренинглардан тузилган  форум дастурини тақдим этдилар.  Колледж ўқувчиларидан тузилган кўнгиллилар иштирокидаги ҚВЗ ўйинлари ҳам ёрқин таассуротлар билан эсда қоларли бўлди.

Маълум бўлишича, Наманган Ёшлар форуми эндиликда анъанага айланади ва мунтазам  ўтказиб турилади.