01 May 2015

Ёш волонтёрлар

ФАРГОНА. Данғара туманидаги мактабгача таълим муассасаларида ташкил этилган санитария постларида кичкинтойлар ҳам зўр қизиқиш билан шуғилланишмоқда.

Кўнгилли жамоатчилик қисмлари – санитария постлари кўп йиллардан буён республика мактабларида фаолият юритиб самарали қирраларини номоён қилмоқда. Уларга бирлашган болалар биринчи ёрдам кўрсатиш малакаларини, фавқулодда вазиятларда қандай тўғри йўл тутиш кераклигини ўрганадилар. Шунингдек, шахсиий гигиена, экология, доривор ўсимликлар, йўл ҳаракати қоидалари тўғрисида билимларни ўзлаштиради, Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Ҳаракатининг ташкил этилиш тарихи ва инсонпарварлик фаолияти билан яқиндан танишадилар.

Яқинда Данғара туманида мактабгача муассасалар санитария постлари ташкил этилди. Кичкинтойлар ўзларига мақул бўлган интерактив, ўйинлар орқали инсонпарварлик ташкилоти фаолияти билан танишиб, биринчи ёрдам кўрсатишни ўрганадилар.

Машғулотни олиб борувчи тарбиячилар Ўзбекистон ҚЯОЖ Данғара туман ташкилоти томонидан тузилган семинар-тренингда олдиндан тайёргарликни ўтаган.

Яқинда эса ёш санитария постлари фаолияти иштирокчиларининг кўрик-танлови бўлиб ўтди. Кичкинтойлар бу ерда билим ва малакаларини номойиш этишди. Улар белгиланган топшириқларни аъло даражада бажаришди. Фавқулодда вазиятларнинг таклиф этилган ҳолатларида биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича ҳам дадил ҳаракат қилишди. Йўл ҳаракати бўйича ўз билимларини намойиш этиб, ҳайъат аъзоларини мамнун қилишди.

Шуниси қувонарлики, кичкинтойлар гигиенага риоя қилиш, экология, гумантар ташкилот фаолияти тўғрисидаги саволларга ҳам аниқ ва ишонч билан жавоб бера олишди. Улар катта бўлишганда, албатта волонтёрлар ҳаракатида иштирок этишларини таъкидлаб ўтишди.

Танловда 26-болалар боғчасининг “Жажжи ниҳоллар” гуруҳи ғолиб деб топилди. Иккинчи ўринни 19-болалар боғчасининг “Меҳржон”, 3-ўринни эса “Бинафша” гуруҳи эгаллади.