//= get_template_directory_uri(); ?> //= get_template_directory_uri(); ?>
Навои. У табиатан хушмуомала, доимо кулиб туради. Улғайиб энг олийжаноб касбни танлади – тиббиёт ҳамшираси бўлди. Юртдошлари Наргиза Эшбоевани сабрлилиги, ширин сўзлиги, юксак профессионал сифатлари учун ҳурмат қилишади. Ёш ҳамшира – биринчи ёрдам кўрсатиш қоидаларига ўргатиш бўйича Халқаро тренерлик сертификати соҳибидир. Хатирчилик Муҳиддин Санаев ёрдам сўраб яна Наргизага қўнғироқ қилди. Қанд касаллиги узоқ йиллар мобайнида унинг организмини издан чиқарган, шунинг учун беморга тиббиёт ҳамширасининг ёрдами тез-тез зарур бўлиб туради.
– Наргиза – меҳрибон, эътиборли ва ажойиб инсон, – дейди Мухиддин ота. – Дунёда ана шундай оддий мулоқотга киришиш, ўз ташвишларингни гапириб бериш мумкин бўлган одамлар борлигидан жуда хурсандман. У бизнинг олдимизга тез-тез дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келиб туради. Биздек қарияларга кўп нарса керак эмас, озгина эътибор кифоя – бошимиз осмонга етади.
Наргиза Эшбоева Кармана туманидаги “Камолот” маҳалласида туғилиб ўсди. Тиббиёт коллежини аъло баҳоларга тугатиб, вилоят ҚЯОЖга ишга қабул қилинди.
– Бугунги кунда 132 та якка-ёлғиз қариялар, ногиронлар, кўп болали ва кам таъминланган оилалар “Меҳр-шафқат” хизмати васийлигига олинган – ҳикоя қилади Наргиза. – Уларни ҳар бирининг ҳаёти билан яқиндан танишиб олганман. Қўлимдан келганича ёрдам бераман, муаммо туғилса, ечимини топишга харакат қиламан. Ахир, бу инсонлар бизнинг меҳримизга мухтож. Айниқса байрамлар арафасида ишимиз кўпаяди, ҳар бир оилага кириб боришга ҳаракат қиламиз.
Қишлоқдаги ҳар бир хонадон эгалари Наргизани энг яқин кадрдонига айланган, уларга меҳр улашишдан чарчамайди. Чунки у аллақачон ўз касбини танлаб олган.