12 Apr 2021

ҲАМШИРАЛАР УЧУН СЕМИНАРЛАР

Aндижон ва Самарқанд вилоятларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди грантларидан олинган маблағлар ҳисобидан вилоят тиббиёт бошқармаси ҳамширалари ва ҚЯОЖнинг «Меҳр – Шавқат» хизмати ходимлари учун ҳозирги пайтда энг долзарб мавзулардан иккитаси бўйича семинарлар ўтказилди.

Aндижонда ташкил этилган семинарлар ҳозирги кунимизннинг энг долзарб муаммоларига бағишланган бўлиб, «Биз бирдаммиз, биргаликда коронавирусни енгамиз!» шиори остида ташкил этилди. Тадбирда Aндижон вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасининг 25 нафар ҳамшираси иштирок этди. Иштирокчилар коронавирус инфекциясидан ҳимоя қилувчи ҳимоя воситалари (тиббий ниқоблар ва антисептиклар) билан таъминланди, шунингдек, «Ўзингизни коронавирусдан қандай ҳимоя қилиш керак», «Замонамизнинг ҳақиқий қаҳрамонлари» ва бошқа буклетлар тарқатилди.

Самарқандда ҚЯОЖ ҳамшираларни фавқулодда вазиятларда биринчи ёрдам кўрсатиш ва жароҳат олганларга ғамхўрлик қилишни ўргатиш бўйича икки кунлик ўқув семинарлари ҳамда тренинглар ўтказилди.

Шунингдек, грант маблағлари ҳисобидан қиймати йигирма миллион сўм бўлган реабилитация ускуналари ва санитария ҳимоя воситалари, шу жумладан ногиронлар аравачалари, танометрлар, қўлтиқ таёқлар ва бошқа ускуналар ҳарид қилинди. Ҳозирги кунда Ўзбекистон ҚЯОЖ Самарқанд вилоят ташкилоти ушбу ускуналарни бутун вилоят аҳолиси ўрасида тарқатиш билан машғулдирлар.