13 Okt 2014

Табиий офатларга қарши бирлашиб

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси ташаббусига кўра ҳар йили, октябрь ойининг бошларида бутун дунёда Халқаро  табиий офатлар хатарини камайтириш  куни нишонланади. Бу йил мазкур тадбир  8 октябрда бўлиб ўтди. 

2014 йил 10-13 октябрь кунлари мухим сана доирасида Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва БМТ Ривожланиш дастури кўмагида бир қатор муҳим тадбирлар бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ҚЯОЖ мутахассислари ҳам фаол иштирок этдилар. 

Республика ФВВ Фуқаролар ҳимояси институтида табиий офатлар хатарини камайтириш масалаларига бағишланган илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. Маърузаларда таъкидланганидек, табиий офатлар йилига ўн минглаб инсонлар умрига зомин бўлмоқда, сайёрамиз мамлакатлари иқтисодига улкан, баъзан эса тиклаб бўлмайдиган зарар етказмоқда. Шунинг учун табиий офатлар хавфини камайтириш учун катта куч сафарбар этиш таклиф этилмоқда.  Бундай учрашувлар долзарб масалани ҳал этишнинг янги йўлларни излашга қаратилган. Давра иштирокчилари Миллий Жамиятнинг бўлим бошлиғи М.Миржапаровнинг “Ўзбекистон ҚЯОЖнинг фавқулодда вазиятларга тайёргарлик фаолияти” тўғрисидаги маърузасини катта қизиқиш билан тингладилар.     Тақдимотда Миллий Жамият ва унинг минтақавий бўлинмаларининг  давлат органлари билан  ҳамкорликдаги фаолиятининг устувор йўналишлари ва  фавқулодда вазиятларга тайёргарлик бўйича амалга оширилаётган ишлар натижалари маълум қилинди.   Семинар иштирокчилари Миллий Жамиятнинг ФВларга тайёргарлик даражаси, бундай ҳолатларда тўғри ҳаракатланиш борасидаги тажрибаси ҳамда имкониятлари билан кўргазмали мисолларда танишиб олишди.

Байрам тадбирлари доирасида “Туркистон” саройи фойесида  фавкулодда вазиятларда фойдаланиладиган янги қутқарув жиҳозлари ва замонавий техникалари экспонатлари кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ҚЯОЖнинг  ФВга тайёргарлик бўйича экспозицияси муносиб ўрин эгаллади.

Жамият ходимлари ва волонтёрлари томонидан  дастлабки  ёрдам кўрсатиш бўйича чодир ҳамда сафарбарлик пункти тикланди. Реквизитлар қаторида ФВ ҳолатида дастлабки ёрдам кўрсатиш маҳсулотларининг замонавий турлари – электр генератор, ошхона тўплами, озиқ-овқатларни транспортда ташиш контейнери,  яралар ва турли жароҳатлар имитаторлари, канистр ва санитария замбиллари ўрин олди.

Шу ернинг ўзида Ўзбекистон ҚЯОЖнинг Офатларга тезкор қарши курашиш жамоаси аъзолари томонидан биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича амалий машғулотлар намойиш этилди.