//= get_template_directory_uri(); ?> //= get_template_directory_uri(); ?>
Наманган.Ўзбекистон ҚЯОЖнинг бевосита кўмагида 2003 йилда Чортоқ туманида “Ойқирон” ва “Боғ” фуқаролар йиғинига қарашли тоғ олди зонасида ўн мингта мевали кўчатлар ўтқазилган эди. Бугунги кунга келиб беш гектарлик майдонда катта мевали боғ вужудга келди.
Ҳудуд аҳолиси уни “Эзгулик боғи” деб аташади. Чунки боғнинг витаминга бой барча маҳсулотлари тумандаги кўп болали кам таъминланган оилаларга тарқатилмоқда. Маскандаги мевалардан салмоқли ҳосил йиғиштириб олинмоқда. Ўрик, шафтоли, олча ва гилослар шиғил мева қилмоқда. Катта ва кичик ҳосилнинг мўл-кўллигидан хурсанд – чунки бу ерда уларнинг барчаси ўзларининг қўли билан ўстирилган, шу боис аҳоли бу ерда ташкил этилувчи ҳашарларда жон дили билан иштирок этишади.
Мана бу йил ҳам Наврўз умумхалқ байрами арафасида яқин атрофдаги маҳаллаларда яшовчилар Эзгулик боғига йиғилишди. Бу ерда “Кўп болали оилалар – бизнинг ҳимоямизда” шиори остида инсонпарварлик акцияси ўтказилди. Унда иштирок этиш учун кўпчилик фарзандлари ва набиралари билан келишган, бундай учрашувлар эса асрий анъаналаримизнинг барчани бирлаштиришида ибрат намунаси бўлиб хизмат қилади.
Боғни парвариш қилишда вилоят ташкилотининг кўнгиллилари намуна бўлишмоқда, ҳар бир дарахтга меҳр улашгани боис боғ ҳам ўз мўл-кўллиги билан кўзни қувонтирмоқда. Шу куни ҳам яна мингдан ортиқ кўчат ўтқазилди.
Тез орада янги ҳосилни йиғиштириб олиш фурсати келади, бу ҳосил билан бирга кўмакка ва эътиборга муҳтож ҳар бир хонадонга эзгулик кириб боради.