27 Noy 2015

Ижтимоий ҳамкорлик

 

2015 йил 27 ноябрда Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти марказий офиси биносида “Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик” тўғрисидаги қонунини амалга оширишда Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиятининг вазифалари” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Учрашувни Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти раиси, профессор Ҳ.Ё.Каримов очди ва иштирокчиларни қутлади.  Қизил Хоч Халқаро Қўмитасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси раҳбари Жак Вилетта ҳам йиғилганларни   самимий табриклади.

“Ижтимоий шериклик – Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг муҳим шарти” тақдимоти билан Ўзбекистон ҚЯОЖ Ижрочи директори Э.А. Амиралиева сўзга чиқди.          

Кенг кўламли маърузада кўп қиррали фаолият натижалари батафсил ёритиб берилди.  Бугунги кунда ижтимоий шериклик доирасидаги лойиҳалар ва дастурлар соғлиқни сақлаш, меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Республика хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар харакати, “Маҳалла”, “Нуроний” хайрия жамғармалари билан ҳамкорликда  амалга оширилмоқда.    

Ҳамкорлик ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш, баркамол ва соғлом ёш авлодни тарбиялаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш каби йўналишлар бўйича амалга оширилади. Амалий режалар қаторида  мамлакат қонунчилик органи билан ҳамкорликда меъёрий-ҳуқуқий базани яратиш, Миллий Жамият минтақавий ташкилотларининг Олий Мажлис Парламент комиссияси лойиҳаларида иштироки ҳам ўрин олган. 

Миллий Жамият Вазирлар маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида  фавқулодда вазиятларни олдини олиш  ва ҳаракат қилиш давлат тизимини янада такомиллаштириш” қарорини ижроси бўйича давлат дастурининг ажралмас таркиби саналади ва у ушбу қарорга киритилган ягона жамоатчилик ташкилотидир.  Дастур доирасида Миллий Жамият ФВВ, корхоналар, идоралар ва ўқув муассасалари  билан ҳамкорликда ўқувлар ташкил этди ва таркибида  10 минг нафар ёшлар бўлган 644 та кўнгилли санитар дружиналарнинг мунтазам тайёрлигини қўллаб-қувватлаб келади. 

Конференция давомида шунингдек, Республика хотин-қизлар қўмитаси вакиллари, минтақавий ташкилотлар мутахассислари ўз маърузалари билан иштирок этди.