//= get_template_directory_uri(); ?> //= get_template_directory_uri(); ?>
– Халқаро Ҳаракат фаолияти тўғрисида батафсил маълумотга эга бўлиш, Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти томонидан аҳолини ижтимоий қўллаб – қувватлаш бўйича олиб борилаётган муайян ишларни ўз кўзимиз билан кўришга бизга тақдим этилган имконият учун катта раҳмат.
– Сиз – Анри Дюнаннинг ҳақиқий издошларисиз. Сизлар туфайли шунча фойдали ва керакли маълумотларга эга бўлганимдан фахрланаман. Ушбу Ҳаракатнинг волонтёри бўлиш истагидаман.
Тўрт кунлик семинар-тренинг давомида шу каби жуда кўп фикрлар билдирилди. Биз, ташкилотчилар учун ушбу тадбир биз билан бирга ишлаган ва бундан кейин ҳам хамкорлик қилмоқчи бўлган юртимиз ОАВ журналистларини бир майдонда бирлаштириш борасидаги илк ҳаракатимиз бўлганига қарамасдан, форум иштирокчиларининг ўзлари бундай мулоқотларни доимий асосда ўтказиш таклифини билдирдилар.
Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиятининг раиси проф. Х.Ё.Каримов, семинар ишини очар экан, қуйидагиларни таъкидлаб ўтди – “Мен бугун ана шу залда йиғилган юртимиз ОАВ – газета, радио ва телевидениенинг етук вакиллари, кучли мутахассисларини муборакбод этишдан жуда мамнунман. Сизлар, ҳеч шубҳасиз, истеъдодли ва мақсад сари интилувчан, юқори даражали профессионал журналистларсиз.. Ҳамкорлигимиз йилдан-йилга мустаҳкамланиб бормоқда ва бугунги семинар ҳам бунинг яққол далилидир.
Орангиздаги кўпчилик журналистлар олдимизга қўйган энг устувор мақсад – ижтимоий йўналишдаги давлат дастурларини қўллаб-қувватлашдан иборат бўлган Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиятининг фаолияти тўғрисида яхши мълумотга эга.
Сизларга маълумки, жорий йили бутун Жаҳон ҳамжамияти Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Халқаро Ҳаракатининг ташкил топганлигининг 150-йиллигини кенг нишонлайди. Республикамиз ОАВ журналистлари учун илк бор ўтказилаетган семинар-тренинг ҳам ушбу юбилей тадбирлари доирасида ташкил этилди.
Халқаро Қизил Хочнинг Марказий Осиёдаги Ваколатхонаси раҳбарини мовини Ихтиёр Асланов ўз чиқишида Халқаро Ҳаракатнинг турли йўналишлардаги фаолиятини ёритишда журналистлар алоҳида аҳамият касб этиши ҳақида қуйидагиларни таъкидлаб ўтди: «Сизлар воқеа содир бўлган жойга биринчилар қатори етиб келасиз, тезкор маълумотларни энг биринчи манбадан оласиз. Сиз ушбу маълумотларни нақадар ишончли ва аниқ материал шаклида тақдим этсангиз, кўрсатиладиган зарурий ёрдам ҳам шу қадар тезкор ва самарали бўлади. Семинарда орттирилган билимлар, шубҳасиз, келгуси фаолиятингизда жуда керак бўлади».
Ёзнинг айни чилласида шинам ва салқин “Ҳожикент” санаториясида ўтказилган тўрт кун ҳар бир қатнашувчида катта таассурот қолдирди. Семинар-тренинг ўтказилган ҳар бир кун жуда сермазмун ва унумли ўтди.
Унинг давомида Миллий жамият фаолияти, Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Халқаро Ҳаракатининг эмблемаларидан фойдаланиш, Миллий жамият тўғрисидаги масалаларга тааллуқли Ўзбекистон Республикаси Қонунчилиги ҳуқуқий меъёрларига бағишланган маърузалар тақдимоти бўлиб ўтди, волонтёрлар ҳаракати тўғрисида батафсил сўзлаб берилди, Ўзбекистон ҚЯОЖ фаолиятига бағишланган “Эзгулик” ҳужжатли видеофильм намойиш этилди.
Журналистлар Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси эксперт ва мутахассисларининг ХҚХ мандати ва фаолияти, Халқаро гуманитар ҳуқуқ асослари тўғрисидаги тақдимотларини катта қизиқиш билан тингладилар. Секцияларда интерфаол шаклда олиб борилган ишлар журналистларга тақдимотлар давомида олинган материални янада чуқур ўзлаштириб олишга имкон берди.
Амалий топшириқларни бажариш давомида Миллий Жамият волонтёрлари репортажларнинг қаҳрамонларига айландилар. Гап шундаки, журналистлар учун семинар билан бир вақтнинг ўзида Бўстонлиқ тумани ҳудудида яна бир муҳим тадбир ўтказилди. Шу ернинг ўзида Ўзбекистон ҚЯОЖнинг офатларга қарши ҳаракат қўллаш Миллий жамоаси дала тактик ўқув машқларини ўтказди. Маълумки, Жамият фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан бири – юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларга тайёрланиш ва қарши ҳаракат қўллаш бўйича ишларни олиб бориш ҳисобланади. Ўтказилган дала ўқув машқлари тезкор Миллий жамоасининг тайёргарлик даражаси, унинг тартиблилиги ва аҳлоқий-руҳий барқарорлиги, ўта мураккаб вазиятларга ўхшатиб ташкил этилган ҳолатлардаги ҳаракатлар жараёнида жиддий жисмоний ва руҳий юкланмаларни енгиб ўтиш қобилиятини намойиш этди. Кейинги 3 йилда биринчи марта ўтказилган ўқув машқи волонтёрларнинг фавқулодда вазиятларга тайёрланиш борасидаги билимларини янада такомиллаштиришга хизмат қилади ва келгусида орттирилган тажрибани жойлардаги жамоаларга тегишли сабоқ бериш жараёнида қўллашга имкон яратади.
Тренинг ташкилотчилари томонидан ўтказилган викторина эса олинган билимлар мустаҳкамлигининг ўзига хос синовига айланди. Унда иштирок этган журналистлар зийраклик ва мантиқий фикрлашни талаб этадиган 40дан ортиқ саволларга дадиллик билан жавоб бердилар. Тўпланган баллар натижаларига кўра 5 нафар журналистлар махсус совринлар билан тақдирланди.
Семинар-тренинг якунида унинг барча иштирокчиларига сертификатлар топширилди.