25 Apr 2023

«САЛОМАТЛИКНИНГ ЁШ ДЎСТЛАРИ» ЖАМОАЛАРИНИНГ МУСОБАҚАЛАРИ

Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти Тошкент шаҳар ташкилоти томонидан жорий йилнинг март-апрел ойларида “Саломатликнинг ёш дўстлари” жамоалари мусобақасининг ҳудудий босқичлари ўтказилди. 57 та таълим муассасаси жамоалари иштирок этган мусобақалар Миробод туманидаги 328-сонли, Яшнобод туманидаги 153-сонли ва Шайхонтоҳур туманидаги 41-умумтаълим мактаблари базасида ўтказилди. Мактаб ўқувчиларининг билим ва кўникмаларини баҳоловчи ҳакамлар ҳайъати таркибида Ўзбекистон ҚЯОЖдан ташқари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл хизмати ҳамда Соғлиқни сақлаш ва Халқ таълими вазирликларининг ҳудудий бошқармалари ходимлари ҳам иштирок этишди.

Мусобақалар олдидан мактаб директори ўринбосарлари, ҳамширалар ва жисмоний тарбия ўқитувчилари учун танишув семинарлари ўтказилди. Танловнинг ўзида эса мактаб ўқувчилари 7 босқичда ўз билимларини намойиш этишди ва энг яхши девор газетаси танлови ҳам алоҳида ўтказилди.

Миробод туманидаги 60-мактаб, Яшнобод туманидаги 255-мактаб ва Шайхонтоҳур туманидаги 59-мактаб ўқувчилари ғолиб деб топилди. Aйнан ушбу мактабларнинг жамоалари кейинги босқич – шаҳар босқичига чиқди ва Ўзбекистон ҚЯОЖнинг Фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.