//= get_template_directory_uri(); ?> //= get_template_directory_uri(); ?>
Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой Ҳаракатининг 161 йиллигига бағиишланган Республика тадбири Самарқандда кенг нишонланди.
Самарқанд шаҳрининг энг марказий ҳисобланган Алишер Навоий номли кўчасидаги кенг ва кўркам майдон Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси, Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой жамиятлари Федерацияси, Миллий жамиятлар тимсоллари ва ушбу Ҳаракат фаолиятини акс эттирувчи турли паннолар ва фотокўргазмалар билан безатилган. Бу ерда Қизил Ярим ой жамиятининг фавқулодда вазиятларда қутқариш ва жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатишга мўлжалланган жиҳозлар билан таъминланган чодирлари ўрнатилган.
2024 йил 28 май куни ушбу майдонга Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти вилоят ташкилотининг фаоллари, фахрийлари, кўнгиллилари ва кенг жамоатчилик вакиллари тўпланди. Муҳташам “Самарқанд” кинотеатри биноси олдидаги баланд супада карнай-сурнай садолари шаҳар аҳолисини байрам тадбирига чорлаб турди. Барча иштирокчилар бир жойга жамул-жам бўлишгач, Самарқанд шаҳридаги 3-сонли мусиқа ва санъат мактаби қошидаги йигирма нафардан иборат дойрачилар гуруҳи аъзолари дойралар садолари билан байрам иштирокчиларни олқишладилар.
Байрам тадбирини Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти Самарқанд вилоят ташкилотининг раиси Арипова Мунира Шерматовна очиб берди. Вилоят ҳокимлиги хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Ойтўла Абдурайимова ва Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси минтақавий ваколатхонаси раҳбарининг ўринбосари Жак Барберис тадбир иштирокчиларини байрам билан қутлаб чиқиш қилдилар.
Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг қутқарувчилар гуруҳи ва Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти вилоят ташкилоти қошидаги кўнгиллилардан иборат қутқарув гуруҳининг аъзолари барча тўпланганлар олдида фавқулодда вазиятларда қутқариш ва биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича маҳорат дарсларини намойиш қилдилар.
Самарқанд шаҳридаги “Оксфорд” мактаби, Ўзбекистон “Таэквандо” Федерацияси Самарқанд вилоят бўлимига қарашли кураш мактаби, “Қоплон” спорт ҳарбий мактаби, аралаш жанг спорт мактаби, Тойлоқ туманидаги 17-умумтаълим мактабининг ёш қутқарувчиларидан иборат жамоалар фавқулодда вазиятларда қутқариш ва биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича эгаллаган кўникмаларини ўз ҳаракатлари орқали ўртоқлашдилар.
Волонтерлардан иборат спортчи-гимнастлар, турли жамоаларнинг бадиий ва санъат усталари концерт номерлари билан чиқишлар қилиб туришди.
Самарқанд вилоят мусиқали драма театрининг мазкур Ҳаракат асосчиси бўлган Анри Дюнан ва унинг дўсти генерал Дюфур Гийом Анри қиёфасидаги ва либосидаги актёрлари майдонда сайр қилиб, йиғилганлар билан суратга тушдилар.
Жамият қарамоғидагилар миннатдорчилик сўзларини ифода қилдилар. Фаол волонтерларга совғалар ва ташаккурномалар берилди.
Байрам тадбири волонтерларнинг ўзлари томонларидан Қизил Ярим ой жамиятига бағишланган “Бахт тилаймиз” қўшиғи билан якунланди ва уларнинг қўлидаги тинчлик рамзи бўлган кабутарлар осмонга парвоз қилдирилди.