17 Dek 2022

ЎЗБЕКИСТОН ҚИЗИЛ ЯРИМ ОЙ ЖАМИЯТИ ВА ГЕРМАНИЯ ҚИЗИЛ ХОЧИ БИЛАН ҲАМКОРЛИКДАГИ ДАСТУРНИНГ ЯКУНИЙ МИЛЛИЙ САБОҚЛАР УЧРАШУВИ

Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти Германия Қизил Хоч жамияти билан 2018 йилдан буён муваффақиятли ҳамкорлик қилиб келмоқда. Жорий йилнинг якунига қадар Германия Иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик федерал вазирлиги молиявий кўмагида табиий офатлар хавфини камайтириш ва Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида қўшма минтақавий трансчегаравий лойиҳа амалга оширилиб келинмоқда.

Лойиҳанинг асосий қисми Фарғона вилоятида амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида, табиий офатлар юз берганда салоҳиятни ошириш ва аҳолининг заиф қатламларига ёрдам кўрсатиш учун 500 000 евродан ортиқ сармоя киритилди. Лойиҳанинг амалга оширилиши туфайли 32 мингдан ортиқ аҳоли малакали тиббий ёрдам олиш имкониятига эга бўлган 6 та тиббий-ижтимоий марказ ташкил этилди ва жиҳозланди. Жумладан, бир нечта тез тиббий ёрдам станциялари таъмирланди, сув каналининг 3,2 километри бўйлаб қирғоқ ҳимояси ва тиклаш ишлари олиб борилди, бу эса ўз навбатида мунтазам сел оқимидан кўриладиган иқтисодий зарарни камайтириш, 3 мингдан ортиқ аҳоли хонадонлари ва қишлоқ хўжалиги ерларини сув тошқинидан асраш имконини берди. Бир қатор мақсадли маҳаллаларда сув таъминоти ишлари амалга оширилиб, 2 минг аҳоли ичимлик суви билан таъминланди. Лойиҳа бўйича танлаб олинган мактабларда 3 та мини футбол ва спорт майдончалари барпо этилди.

Ўз навбатида, Фарғона шаҳрида ва Фарғона вилоятининг Бешариқ туманида зарур товарлар сақланадиган омборларни жиҳозлаш ва қуриш, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг авария-қутқарув бўлинмаларини замонавий қутқарув техникаси билан жиҳозлаш ҳисобига фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш салоҳияти сезиларли даражада оширилди.

Барча бошланган ва амалга оширилган ишларни таҳлил қилиш, эришилган ютуқларни кўриб чиқиш ва келажакда амалга ошириладиган ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида 2022 йилнинг 13-15 декабрь кунлари лойиҳа доирасида сарҳисоб йиғилиши ташкил этилди. Бу учрашувда Фарғона вилояти Бешариқ ва Ўзбекистон туманларидан лойиҳа иштирокчиси бўлган маҳалла фуқаролар йиғинлари расилари, фаоллари, халқ таълими ҳамда соғлиқни сақлаш бўлимлари ходимлари ва волонтерлар иштирок этдилар.

Уч кунлик йиғинлар давомида барча танлаб олинлан маҳаллалардаги эришилган ютуқлар, амалга оширилган тадбирлар ҳамда қайта таъмирланган ижтимоий марказлар ҳақида тўлиқ маълумот берилди ва лойҳани мазмунини чуқурроқ англаш мақсадида иштирокчилар ўртасида сўровнома ўтказилди.