//= get_template_directory_uri(); ?> //= get_template_directory_uri(); ?>
2016 йил 15 сентябрда Ўзбекистон ҚЯО Жамияти Марказий офисида Миллий Жамият Раёсатининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Раёсат ишида Ўзбекистон ҚЯОЖ раҳбарлари ва бўлим бошлиқлари, минтақавий ташкилотлар раислари ва ижрочи директорлари иштирок этишди.
Йиғилганлар Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.А.Каримов хотирасига бир дақиқа сукут сақлаш билан ҳурмат бажо келтирдилар.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида энг азиз байрам муносабати билан Ўзбекистон ҚЯОЖ ходимларининг бир гуруҳи “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик медалига сазовор бўлдилар. Улар орасида мамлакатимизда барқарорликни сақлаш ва унинг янада ривожланишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган Миллий Жамияти вакиллари, юқори даражадаги профессионал ходимлар ҳам бор. Ўзбекистон ҚЯО Жамиятининг раиси, профессор Ҳ.Ё.Каримов ушбу медал соҳибларини қилган хизматлари учун ҳақли мукофот олганликлари билан табриклади.
Бугунги кун тартибида – биринчи ярим йиллик якунлари ва келгуси ойларга мўлжалланган вазифалар, бўлиб ўтган йиғилишлардаги қарорларнинг бажарилиши якунлари. Раёсат қатнашчилари шунингдек, Сурхондарё вилоят ва Тошкент шаҳар ташкилотларининг ҳисоботларини, “Инсонийлик” РЎМ марказининг фаолиятига оид ахборотни тингладилар.
Ўзбекистон ҚЯОЖ Раиси Ҳ.Ё.Каримов ҳисобот маърузасини йиғилганларга хавола этди. Қайд этиб ўтилганидек, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурини бажариш доирасида Ўзбекистон ҚЯОЖнинг барча бўлимлари томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, жорий йилнинг август ойигача Давлат дастурининг 40-банди бўйича 2 655 оилага 381 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. 28-бандда кўрсатилган ахборот бюллетенларини тайёрлаш учун 20 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Мухим масала – ҳайрия декадаси ва унда ташкилотлар ҳисоб рақамларига маблағ жалб этиш йиғилишда алоҳида кўриб чиқилди. Мазкур масалада маҳаллий ҳокимиятлар, ташкилот ва идоралар бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётганини қайд этиб ўтиш жоиз, дея таъкидланди маърузада. Тўпланган маблағлар ҳақида гапирсак, жорий йилнинг 6 ойи мобайнида Ўзбекистон ҚЯОЖ ташкилотлари бюджетига 5 миллиард 265 миллион сўмдан ортиқ маблағ жалб этилди.
Бундаги сайъ ҳаракатларда Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоатчилик фонди грантлари яхши қўмак бўоиб хизмат қилмоқда. 2016 йилда Ўзбекистон ҚЯОЖнинг 10 та лойиҳаси грант ғолиблари бўлишди. Улар қаторида Андижон, Бухоро, Сирдарё, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳар ташкилотлари, Бухоро вилоятидаги Қоровулбозор туман ташкилоти, Навоий вилоятидаги Конимех ва Нурота район ташкилотлари, Сурхондарё вилоятидаги Жарқўрғон район ташкилоти бор. Ушбу ташкилотларнин ҳисоб рақамларига жами 200 миллион сўмдан ортиқ грант маблағлари тушди.
Шундан кейин ноябр ойида ўтказиладиган навбатдаги маблағ йиғиш декадасини юқори даражада ўтказиш ҳақида алоҳида фикрлашиб олинди. Вилоят ҳокимиларига ана шу масалада ёрдам кўрсатиш ҳақида махсус хат тайёрланган, энди минтақалар ҳокимларининг қарорини қабул қилишга оид чора-тадбирларни амалга ошириш зарур.
Жамиятнинг XXI Қурултойида бошланғич ташкилотлар иш фаолиятини янада такомиллаштириш, жойларда ижрочи директорлар фаолиятининг самарадорлигини ошириш, барча ходимлар хатти-ҳаракатининг ўзаро уйғунлигини таъминлаш ва ходимларнинг малакасини оширишга оид қарор қабул қилинганлигини эслатиб ўтамиз. Ҳозирги пайтда баъзи минтақавий ташкилотлар ижрочи директорлари статстларга айланиб қолишган, улар телефонга жавоб қайтариш ёки курьерлик билан шуғулланишмоқда. Аслида эса, ижрочи директор – масъул ходим, у инсонпарварлик ташкилоти ишини энг майда икир-чикирларигача биладиган ва унинг фаолияти учун раис билан биргаликда жавоб берадиган юқори даражадаги профессионалга айланиши керак.
Кварталда бир марта ижрочи директорларнинг ишчи йиғилишини ўтказиш — Миллий Жамият ишидаги янгиликлардан бири саналади. Бундан ташқари, минтақавий ташкилотлар ходимларининг малакасини ошириш бўйича тизимли ишлаш ташкил этилади. Бу вазифа “Инсонийлик” РЎМ марказга топширилади.
Ўзбекистон ҚЯОЖ Ижрочи директори Э.А.Амиралиева ҳам ходимларнинг масъулияти ҳақида эслатиб ўтди:
– Биз жойлардаги раҳбарлар қандай ишлаётганини жуда яхши биламиз. Ким ўз ишини сидқидилдан бажараётганини, ким эса ҳафталаб сафар ва саёҳатларда бўлаётганидан хабардормиз. Жойларда ижро интизомига риоя қилиш зарур. Унумли фаолият ҳар бир кишининг қатъий иш графигидан бошланади. Барча ходимлар бир жамоа бўлиб ишлай олсагина, кўрсатгичлар юқори бўлиб, натижалар кўнгилдегидек бўлади.
Раёсат йиғилишида кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.