14 May 2018

“Саломатликнинг ёш дўстлари” вилоят мусобақалари

2018 йил 4 май куни Бухоро шаҳридаги “Сомоний” маданият ва истироҳат боғида туман/шаҳар санитар постлари мусобақаларида ғолиб бўлган жамоалар ўртасида “Саломатликнинг ёш дўстлари” вилоят босқичи беллашуви етти йўналишда – назарий ва амалий билимлар намойиши кўринишида ташкил этилди.

Жамоалар икки гуруҳда – мактаб жамоалари ҳамда лицей ва коллеж жамоалари ўртасидаги мусобақаларда беллашдилар. Мактаб жамоалари ўртасида 1-ўрин Бухоро туманидаги 1-мактабга, 2-ўрин Когон туманидаги 21-мактабга, 3-ўрин Қоровулбозор туманидаги 5-мактабга берилди. Лицей ва коллежлар гуруҳида эса 1-ўринни Бухооро тиббиёт институти қошидаги академик лицей, 2-ўринни Пешку “Афшона” тиббиёт коллежи, 3-ўрин Ғиждувон Агросаноат коллежи эгаллади.

Жамоаларни баҳолашда ҳамкор ташкилотлар фаол иштирок этдилар. Биринчи босқич вилоят ФВБ мутахассислари томонидан, иккинчи босқич – ҚЯОЖ ходимлари, 3-6 босқичлар – вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси мутахасислари, 7-босқич – вилоят Ички ишлар бошқармаси мутахассислари томонидан баҳоланди ва ғолиблар аниқланди.

2018 йил 12-май куни Фарғона вилояти Фурқат туманидаги Иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида мактаб ўқувчилари ўртасида «Саломатликнинг ёш дўстлари» мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Мусобақа Низоми асосида мактаблар “Меҳрибонлик гуруҳлари” жамоаси аъзоларининг табиий, техноген офатларда ва бахтсиз ҳодисаларда, юқумли касаллик эпидемиялари рўй бериши ҳолларида биринчи ёрдам кўрсата олиш амалий малака-кўникмалари синаб кўрилди. Шунингдек ўқувчи ёшларнинг санитария ва гигиена қоидаларига оид билимлари намойиш қилинди. Вилоят миқёсида “Меҳрибонлик гуруҳи” ғолиб жамоалари аниқланди.

Мусобақа якунлари бўйича 1-ўрин Бешариқ туманидаги 11-умумий ўрта таълим мактаби жамоасига, 2-ўрин – Марғилон шаҳридаги 30-умумий ўрта таълим мактаби жамоасига ва 3-ўрин – Қува туманидаги 62-ИДУМ жамоасига берилди. Шунингдек, Фурқат туманидаги 18-мактаби жамоаси «Энг тезкор ва чаққон бажарилган тиббий ёрдам амали» номинацияси бўйича, Қувасой шаҳридаги 1-ИДУМ жамоаси «Энг билимдон ва моҳир иштирокчи» номинацияси бўйича, Фарғона туманидаги 3-мактаб жамоаси «Энг намунали форма» номинацияси бўйича ғолиб деб топилди.