//= get_template_directory_uri(); ?> //= get_template_directory_uri(); ?>
2016 йил 28 январь куни Миллий Жамиятнинг Марказий офисида Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти билан Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ўртасида ҳамкорлик шартномалари имзоланди.
ЎҚЯО Жамияти ва ХҚХҚ Марказий Осиёдаги Минтақавий ваколатхонаси ўртасидаги самарали ҳамкорлик йилдан йилга мустаҳкамланмоқда. Бу борада ўтган йил айниқса воқеаларга бой бўлди, деб таъкидланди учрашувда, Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти ташкил топганлигининг 90 йиллигига бағишланган барча тантана ва тадбирларда ХҚХҚ фаол иштирок этди.
Эслатамиз, Миллий Жамият салоҳиятини кучайтиришда, Халқаро Ҳаракатининг асосий тамойилларини мустаҳкамлашда ХҚХҚ билан биргаликда бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Халқаро гуманитар ҳуқуқ ҳақидаги билимларни тарғиб этиш, фавқулодда вазиятларга тайёргарлик ва уларга ҳозирлик кўриш, биринчи ёрдам кўрсатиш каби йўналишларда ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.
Мамлакатимиз Президенти томонидан “Соғлом она ва соғлом бола йили” деб эълон қилинган 2016 йилда имзоланган шартнома доирасида давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, Фавқулодда вазиятлар, таълим вазирликлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари, маҳалла фаоллари иштирокида семинарлар, давра суҳбатлари, илмий-амалий анжуманлар ташкил этиш режалаштирилган.
Шунингдек, шартномада ФВ бўйича, маҳалла ва мактабларда аҳоли ва болаларни биринчи ёрдам кўрсатиш кўникмаларига ўргатиш, мактаблар учун сейсмик митигация жиҳозлари, яъни хона жихозлари сотиб олиш ва уларни ўрнатиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Ўзбекистон ҚЯОЖнинг Офатларга қарши курашиш бўйича тезкор Миллий жамоаси учун анъанавий дала машқлари ташкил этилади. “Ёш қутқарувчи” мусобақалари, шунингдек, санитария дружиналари учун биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича тренинглар ўтказилиши мўлжалланган. Лойиҳани амалга оширишда вилоят ва туман ташкилотлари раҳбарлари учун илмий-амалий семинарлар ташкил этилади.
Шартномада кўзда тутилган барча тадбирларда мамлакат ОАВ журналистларининг қатнашуви кўзда тутилган.Шунингдек, ОАВ вакиллари учун медиа-тур ташкил этиш мўлжалланган, бундан мақсад – мамлакатимиздаги энг кекса инсонпарвар ташкилотининг фаолияти билан атрофлича таништириш.