19 Sen 2013

Эзгулик йўлидаги ҳамкорлик

Термиз.2013 йил 18-19 сентябр кунлари Термиз шаҳрида Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Халқаро Ҳаракатининг 150-йиллига бағишланган “давра суҳбати”   бўлиб ўтди. Ушбу тадбир  Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти, Қизил Хоч Халқаро Қўмитасининг Марказий Осиёдаги Ваколатхонаси, Сурхондарё  минтақавий ташкилоти ва   вилоят хокимлиги билан ҳамкорликда  ўтказилди.  

Семинар ишида   вилоят  Адлия бошқармаси, Қуролли кучлар, Фавқулодда  вазиятлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, соғлиқни сақлаш бошқармалари  вакиллари, Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти Сурхондарё вилоят минтақавий ташкилотлари маъсул ходимлари ва  бир қатор хамкор Нодавлат нотижорат ташкилотлар мутахассислари ҳамда ОАВ ижодкорлари  иштирок этдилар.  

Учрашувда Сурхондарё вилоят Хокими ўринбосари М.У. Қобулова иштирок этиб унда  нутқ сўзлади.  “Давра суҳбати” иштирокчилари эътиборига бир қатор презентациялар хавола этилди. Қизиқарли маърузалар билан  ХҚХҚ вакили А.Хукумов, ЎҚЯО Жамияти бўлим бошлиқлари Т.С.Собитов, П.Д. Абдуллахонов, Р.М.Акбаровлар  чиқишлар қилдилар.

“ХҚХҚ – Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Халқаро Харакатининг таркибий қисмларидан бири сифатида”, “Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиятининг тарихи ва тузилиши”, “Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Жамиятларининг халқаро ҳуқуқий мақоми” мавзуидаги маърузалар  такдим килинди.

Эслатиб ўтамиз, шонли санага бағишлаб, Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти фаол ва шижоат  билан хизмат қилаётган ҳудудий бўлим мутахассислари ҳамда хамкор ташкилотлар вакилларини Фахрий ёрлиқ  ва эсдалик совғалар  билан тақдирламоқда. Учрушув сўнгида  самарали фаолияти муносабати билан Сурхондарё вилояти ҳокими муовини М.У Қобуловага  Фахрий ёрлиқ  топширилди.