03 May 2015

Инсонпарварлик акциялари

Кашкадарё. “Кексаларни қадрлаш ва эъзозлаш йили” Давлат дастурини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон ҚЯОЖ Қашқадарё вилоят ташкилоти томонидан минтақанинг олис туманларида хайрия тадбирлари ўтказилди.

Бунда уруш ва меҳнат фахрийларига  алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилди. Наврўз байрами арафасида вилоят ташкилоти вакиллари ҳамкорлар билан биргаликда Қарши тумани Нуқрабод қишлоғида истиқомат қилувчи  Иккинчи жаҳон уруши фахрийси Турди ота Рахматуллаев уйига ташриф буюришди. Меҳмондўст хонадонда бир пиёла чой устида собиқ жангчи суронли йиллар воқеаларини ёдга олди. Кучли ирода, она юртга бўлган меҳр-муҳаббат ва  ўз яқинлари билан дийдор кўришиш истаги уйга ғалаба билан омон қайтишга ёрдам берди.

Ушбу кун уруш фахрийсига совға қилинган ногиронлар аравачаси яна кўп йиллар мобайнида ёшлар билан учрашиб,  она Ватанга садоқатли бўлиш, унга хизмат қилиш ҳақидаги ибратли воқеалар ҳақида суҳбатлашиш имконини беради. Турди ота “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан ўтказилган  байрам тадбирига таклиф этилган энг фахрий меҳмонлар қаторида бўлди. Юз нафардан ортиқ уруш фахрийлари байрам дастурхонига таклиф этилди. Юртимизнинг тинчлик-хотиржамлиги ва бахтли келажаги учун қайта-қайта шукроналик  сўзлари янгради. Оқсоқолар уларга кўрсатилаётган ҳурмат-эътибор учун чин дилдан миннатдорчилик билдирдилар. 

Хайрия акцияси доирасида 60 нафар ёлғиз  ва ногирон кексаларга  олти миллион сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. Шунингде, 20 та кам таъминланган оилага озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.