//= get_template_directory_uri(); ?> //= get_template_directory_uri(); ?>
2014 йил 4-6 июнь кунлари Италияда “Ўзгача ишлаш вақти келди” шиори остида Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Ҳаракатининг 9-чи Европа Конференцияси бўлиб ўтди.
Флоренцияга хуш келибсиз! Бундай дил изҳорлари Флоренция аэропортидан тезкор автомагистраль бўйлаб, то Firenze Fiera Марказигача турли тилларда намойиш этилиб турарди. Халқаро Ҳаракатнинг навбатдаги форуми серқуёш Италия ўлкасида сайёрамизнинг 47та Миллий Жамиятларининг 220 дан ортиқ ҳамкорларини жамлади. Уч кун мобайнида Европа ва Марказий Осиёнинг Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Жамиятлари вакиллари бугунги жаҳондаги мавжуд глобал иқтисодий инқироз шароитида Ташкилотлар олдида турган долзарб масалаларни ижобий ҳал қилиш йўлларини топишга ҳаракат қилишди. Вакиллар янги ғоя, режалар, изланишлар билан юзма- юз бўлишди. Семинар ва сессияларда нафақат тажриба алмашинуви, эришилган ютуқлар солномаси, балки долзарб муаммоларни ҳал этиш йўлларини аниқлашга ҳам эришилди.
Конференция давомида Халқаро Ҳаракатнинг олдида турган ўз ечимини кутаётган баъзи бир масалалар баробарида янги инновацион технологияларга таянган ҳолда, Ташкилотнинг барча бўғим ва бирлашмаларига яқиндан ёрдам бериш йўллари, ҳамда давлат бошқарув органлари ва донорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш чора-тадбирлари ўрганиб чиқилди.
Бугунги ер юзида содир бўлаётган чуқур иқтисодий инқироз шароитида маҳаллий аҳолига яқиндан ёрдам беришда Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Жамиятлари бу муаммони ҳал қилишнинг янги имкониятларини излаб топиш ва бу йўналишда ўз ўрни ва мажбуриятларини аниқлаб олишлари лозим – деди ўз сўзида Франческо Рокка, Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Федерацияси вице-Президенти ва Италия Қизил Хоч Қўмитасининг Президенти.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Халқаро конференциянинг очилиш маросимида Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти ҳамда Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ва Федерацияси билан ҳамкорликни давом эттириш ва ҳаракатларни мувофиқлаштириш тўғрисида янги Битим тузилди. Ушбу хужжатда нуфузли ҳамкорлар томонидан Стратегия-2020 дастурини амалга оширишда Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти билан ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш назарда тутилган.
Конференция доирасида олтита семинар бўлиб ўтди. Жумладан, тадбир доирасида – миграция муаммолари, аҳолига ижтимоий гуманитар ёрдам бериш, Харакатга янги кўнгиллиларни жалб этиш каби кўплаб масалалар кўриб чиқилди.
Аҳоли миграциясига бағишланган сессия ишида Ўзбекистон Делегацияси фаол иштирок этди. Маълумки, бу масала кўплаб давлатлар учун долзарб муаммо бўлиб келмоқда ва Халқаро Ҳаракатнинг асосий гуманитар йўналишларидан биридир.
Миллий Жамиятлар вакиллари мигрантларни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва ижтимоий қўллаб – қувватлаш бўйича бир қатор мажбуриятлар қабул қилишди.
Гуманитар дипломатия йўлларидан кенг фойдаланиш -ушбу масалани ечишда яқиндан ёрдам бериши таъкидланиб ўтилди.
Асосий йиғилиш Анри Дюнан залида бўлиб ўтди. Меҳмонларни ташкилотчилар қизиқарли таклиф билан кутиб олишди. Яъни, бу ерда Ғоялар дарахти ўрнатилган бўлиб, унинг баргларига ҳар бир конференция қатнашчиси ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини ёзишлари керак эди. Ўзбекистон делегацияси номидан ҳам бир нечта барглар хотира сифатида қолдирилди. Ёзилган тилак ва истаклар ичида дил изҳорлари: “ Биз янги инновацион ғояларга биринчи қадам қўйдик. Биз бир – биримизни эшитишга ва қўллаб – қувватлашга тайёрмиз. Янги технологияларга инвестиция дастурларини қўллаш натижасида ҳамкорларни сафи кенгайиб, гуманитар ёрдам ҳажми ортиб боришига олиб келади”.
Европа конференцияси якунида қатнашчилар Ҳаракатга даъват қабул қилишди. Ушбу тарихий хужжатда Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Миллий Жамиятлари, давлатлар, ҳамкорлар учун аниқ вазифалар белгилаб олинди. Мақсад битта – ер юзидаги энг кекса гуманитар ташкилотнинг ҳайрия лойиҳалари эзгулик йўлида хизмат қилаверсин!