//= get_template_directory_uri(); ?> //= get_template_directory_uri(); ?>
2015 йил 13 январь куни Бангладеш Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Мосуд Маннан раҳбарлигидаги делегация Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиятига ташриф буюрди.
Жаноби олийлари “Тинчлик элчиси ” фахрий унвонига эга. 2014 йил Бангладешнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси этиб тайинланган Мосуд Маннан айни пайтда Афғонистон, Қозоғистон ва Қирғизистон Республикалари бўйича ҳам худди шундай лавозимга эга. Жаноб элчининг хизмат фаолиятига оид маълумотлар ушбу инсоннинг катта имкониятлар ва кенг дунёқарашга эга эканлигидан дарак беради. 1995 йилдан Лондон Дипломатия Ассоциацияси Президенти, Бангладеш Фанларни олға ривожлантириш Ассоциациясининг умрбод аъзоси, Нью-Йоркдаги Ислом маданий марказида БМТ нинг Бангладеш доимий миссияси расмий раиси – Элчи жаноблари ваколатларининг бир қисми холос. Ўз мамлакатида қон донорлигини тарғиб қилиш бўйича лойиҳаларда ўн тўрт марта иштирок этган.
Миллий Жамиятда бўлиб ўтган учрашув ўзаро ишонч, дўстона руҳда бўлиб ўтди. Ўзбекистон ҚЯО Жамияти раиси, профессор Х.Я.Каримов мамлакатимизнинг энг кекса, катта тарих ва тажрибага эга гумантар ташкилоти фаолияти тўғрисида сўзлаб берди.
Жорий йил қизғин воқеалар, учрашувлар ва тақдимотларга бой бўлади, – дея таъкидлади ўз маърузасида Х.Я. Каримов. – Биз ажойиб сана – ташкилотимизнинг асос солинган кунининг 90 йиллигини кенг нишонлаймиз. Ҳозирда минтақавий ташкилотларимизда ташкилий ишлар олиб борилмоқда, шунингдек, бўлажак юбилей тантаналарига бағишланган кенг кўламдаги акциялар ўтказилиш режалаштирилган.
Бангладеш элчиси ҳам инсонпарварликнинг юксак тамойиллари ҳақида суҳбат давомида гапириб ўтди. Жаноб Мосуд Маннан ўз оилавий биографиясига оид аҳмиятли воқеалардан бирини – унинг онаси бутун умр Бангладеш Қизил Ярим Ой Жамияти ғазначилигини бошқарганлиги ва Бош Президенти бўлганлигини таъкидлаб ўтди. Умр бўйи ўзига инсонпарварлик ташкилоти ғояларини сингдириб келган жаноб Маннан, ҳозирга қадар Бангладеш Қизил Ярим Ой Жамияти волонтёри саналади.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, тўпланган тажрибаларни ўзаро ўрганиш ва татбиқ этиш учун мунтазам равишда делегациялар сафарини ташкил қилишга келишиб олишди.