12 Noy 2013

«Инсонпарварлик кучи» Халқаро Форуми

Куз ойининг бошларида  Австралиянинг  Сидней шаҳрида   “Инсонпарварлик кучи” ва “150 йил гуманитар фаолият” шиорлари остида Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Жамиятлари Халқаро Федерацияси Бош Ассамблеясининг 19-чи Сессияси ҳамда Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Ҳаракати Делегатларининг Кенгаши бўлиб ўтди.   Халқаро форум ишида Ўзбекистон ҚЯОЖамиятининг  Раиси Ҳ.Ё.Каримов ва Миллий Жамиятнинг Ижрочи Директори Э.А.Амиралиева  ҳам  иштирок этишди. Анжуманда  кўзда тутилган тадбирларда 182 та давлат Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Миллий Жамиятлари ва  Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг етакчи вакиллари иштирок этдилар. 

Бу ерда 150 йилдан буён самарали инсонпарварлик фаолиятини юритаётган Халқаро Ҳаракатнинг қадрдонлари ва янги дўстлари, жамоат ва нодавлат ташкилотлар етакчилари, ҳаракат вакиллари  учрашдилар. Шуьба йиғилишлари,  давра суҳбатлари давомида иштирокчилар янги ғоялар, фикрлар ва таклифларнинг энг  таъсирчан воситаларини тавсия этишди.  Тадбирнинг сермазмун жадвали нафақат шерик мамлакатларда тўпланган тажрибалар билан ўртоқлашиш, шу билан бирга  гуманитар муаммоларни ҳал қилишнинг энг самарали йўлларини топишга хизмат қилди. 

Бош Ассамблея 19-Сессияси кун тартибининг асосий мавзуси 2020-Стратегияси, Халқаро Федерациянинг барча таркибий қисмлари салоҳияти ва фаолиятини янада кучайтириш  масалаларига бағишланди. Бу борадаги глобал мақсад, шунингдек, мавжуд гуманитар муаммоларни муҳокама қилиш ва уларни бартараф этиш учун Ҳаракатнинг келгуси иш режаларини хам қамраб олди.  Иштирокчилар Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Ҳаракати қандай қилиб долзарб гуманитар муаммоларга энг муқобил равишда муносабат билдириши билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилдилар. Мулоқот чоғида Миллий Жамиятлар етакчилари 2011 йилда 31-Халқаро конференцияда қабул қилинган қарорлар ва бошка хужжатлар  ижросини  муҳокама қилдилар ва 2015 йилда бўлиб ўтадиган навбатдаги Халқаро конференциянинг устувор йўналишларини белгилаб олишди.  

Бош Ассамблея ва Делегатлар Кенгашларининг ялпи мажлисларида Халқаро Ҳаракатнинг келишиб ишлаши ва самарали ҳамкорлигига оид масалалар кўриб чиқилди, иштирокчи мамлакатлар Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Ҳаракатининг мавқеини мустаҳкамлаш борасидаги ташаббусларини муҳокама қилдилар. Энг муҳим истиқболли вазифалар ичида Жамият сафига ёшларни жалб қилиш масаласи ҳам мавжуд бўлиб, бу амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш, намоён этиш, келажакнинг глобал гуманитар ҳолатини самарали шакллантиришнинг кафолати сифатида хизмат қилади. Низомда кўзда тутилган тадбирлар доирасида Миллий Жамият томонидан Халқаро Федерациянинг 2014-2015 йилларга мўлжалланган режалар ва бюджет тақдим этилди.

Ушбу форум яна бир ёрқин воқеа билан иштирокчиларнинг  эсида қолади. Сидней форумида Кипр Қизил Хочи ва Судан Кизил Ярим Ой Жамияти Халқаро Федерациянинг 188-чи ва 189-чи тўлақонли аъзолари сифатида руйхатга олинди. Яна бир эьтиборли жихати шундаки, бу галги Сессия муҳим хужжатлар тақдимоти билан ҳам янада аҳамиятли бўлди.  Фаластин Қизил Ярим Ой Жамияти ва Исроилнинг Маген Давид Адом ўртасида Англашув Меморандумининг имзоланиши Халқаро Федерация тарихидаги  янги ва муҳим босқич бўлди.  

Ташкилий масалалар қаторида – Бошқарув Кенгаши Президенти, вице-Президенти лавозимларига номзодларни ҳамда Бошқарув Кенгаши аъзоларини сайлаш тадбирлари хам ўрин олди. Кўпчилик овозлар билан кейинги тўрт йиллик муддатга Президент сифатида  жаноб Тадатеру Коное такроран  сайланди.

Ўзбекистон делегацияси учрашувлари ҳам мазмунли ва унумли бўлди. Ўтказилган тадбирлар доирасида Ўзбекистон ҚЯО Жамияти раҳбарияти Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Халқаро Федерацияси  Президенти Тадатеру Коное ҳамда Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Халқаро Федерацияси  Европа минтақавий офиси директори Анитта Андерлин билан икки томонлама музокараларни ўтказди. Амалий мулоқот чоғида Халқаро Федерация Раҳбарияти Ўзбекистон ҚЯО Жамиятининг инсонпарварлик соҳасидаги фаолияти ва кейинги йилларда эришган ютуқларини юқори баҳолади. Томонлар Миллий Жамиятнинг келгуси ривожи ва Жамият қонунчилик базасини кенгайтириш масалаларини кўриб чиқдилар.  

Ўзбекистон ҚЯО Жамияти раҳбарияти Япония Қизил Хоч, Корея Қизил Хоч, Хитой Қизил Хоч, Саудия Арабистони Қизил Ярим Ой Жамияти етакчилари билан учрашувлар ўтказиб, амалга ошириш мумкин бўлган билитариал шериклик ва амалий ҳамкорлик, салоҳиятни икки томонлама мустаҳкамлаш ва ташкилий ривожланиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. 

Ўзбекистон ҚЯО Жамияти делегацияси мунозаралар, семинарлар, ишчи учрашувларда, Сессия кун тартибидаги гуманитар оқибатларда муаммоларни ечилиши, соғлиқни сақлаш сохасидаги вазифалар, 31 ва 32-Халқаро конференциялар қарорлари хамда табиий офатларга қарши курашиш борасидаги фаолиятнинг самарадорлигини максимал таъминлашга бағишланган  муҳокамаларда  фаол иштирок этди.

Экспертларнинг фикрича гуманитар муаммоларни ҳал қилишда ижобий ўзгаришлар бўйича янги даврга старт берилди. Уни амалга ошириш учун кучли салоҳият мавжуд – бу сайёрамизнинг 189 та гуманитар ташкилотлари бўлиб, уларнинг бош шиори эзгуликка даҳлдор: “Бутун дунё бўйлаб одамлар ҳаётини қутқариш, муҳтожларни ҳимоя қилиш ва ёрдам кўрсатиш”.